English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия аралашуви билан ходимларга 247 миллион сўмдан зиёд устама пуллари тўлаб берилди
21:53 / 2023-01-14

Президентимизнинг 2018 йил 19 февралда “Aхборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 июндан давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда тўланиши белгиланган.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилган мониторинг жараёнида ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат талаблари бузилганлиги, айрим ташкилотлар томонидан aхборот ва коммуникация технологиялари бўйича мутахассис лавозимларида фаолият юритаётган ходимларга устама пуллари тўлаб берилмаётганлиги аниқланди.

Жумладан, ўтказилган мониторинг жараёнида, Aгросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги, қурилиш, давлат солиқ, спортни ривожлантириш, туризм ва маданий мерос, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, халқ таълими бошқармалари мутахассис ходимларига қўшимча устама пулларини тўлаб бермаганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 154-моддасига кўра, иш берувчи молиявий аҳволидан қатъи назар ходимга бажарган иши учун ҳақни шартларга мувофиқ тўлаши шарт.

Юқоридагиларга асосан, Aдлия бошқармаси томонидан ходимлар манфаати учун Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризалари, шунингдек, тегишли ташкилотларга мазкур қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритилди.

Aдлия аралашуви билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган 14 нафар ходимга 247 415 012 сўм миқдоридаги устама пуллари тўлаб берилди.

Бундан ташқари, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини ўз вақтида ва тўлиқ бажармай, масъулиятсизликка йўл қўйган 2 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА