Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия аралашуви билан тадбиркорга 674 миллион компeнсация пули ундириб берилади
10:14 / 2022-09-03

Фарғона вилояти Риштон “Автошоҳбекат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Гап шундаки, туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори асосида Фарғона кўчасида жойлашган жамиятга тегишли бино-иншоотлар буздирилган. Шунингдек, “Автошоҳбекат” масъулияти чекланган жамиятининг ҳуқуқий ҳужжатларига асосан ташкилотга тегишли бўлган 3 минг 957 м2 ер майдонидан 553 м2 қисми давлат эхтиёжлари учун олинган. Бироқ шу кунга қадар жамиятга етказилган жами 450 миллион сўм зарар қопланмаган. Бу ҳам етмагандек, давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 553 метр квадрат ер майдони умуман ажратиб берилмаган. Хуллас, қолган ишга қор ёққан.

Риштон туман адлия бўлимига шу мазмундаги мурожаатда 2019-2022 йиллар давомида  юз берган инфляция даромадларини ҳам ҳисобга олиб, жамиятнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб берилишида ва зарарни ундирилишида амалий кўмак  беришни сўраган.

Туман адлия бўлими томонидан Риштон “Автошоҳбекат” масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг мурожаати ўрганилганида, ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимининг 2019 йил 13 майдаги қарори билан Риштон шаҳар, Фарғона кўчаси, 6-уйда жойлашган жамиятига тегишли бино-иншоотлари  буздирилганлиги аён бўлди. 

Шу билан бирга, ушбу бузилган бино-иншоотларга етказилган зарар ҳамда ер участкаси эвазига масъулияти чекланган жамияти раҳбари М.Дадаев билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ўзаро оғзаки келишув билан 2 минг 942  квадрат метр ер участкаси ажратиб бериш тўғрисида туман ҳокими қарори қабул қилинган. 

Лекин ҳозирги кунда автошоҳбекат атрофида жойлашган турар ва нотурар бинолар ўз ўрнида бузилмай қолганлиги сабабли туман ҳокимининг ушбу қарори ижроси таъминланмаган. Бошқача айтганда, “Автошо бекат” масъулияти чекланган жамиятига ер майдони ажратиб берилмаган. 

Риштон туманлараро иқтисодий судига туман  адлия бўлими  томонидан  иш юзасидан даъво аризаси киритилди. Шунга кўра, туман адлия бўлими  Риштон туман ҳокимлигидан мазкур жамият фойдасига бузилган бино-иншоотлари учун  бозор баҳосида  674 миллион 797 минг  сўм  компенсация пули ундириш белгиланди.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг шу даврига нисбатан ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқа соҳаларда қатор назорат тадбирлари ва мониторинглар  ташкил этилди. Натижада 32  мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Уларни бартараф этиш мақсадида 3 минг 289 та тақдимнома киритилиб, бунинг натижасида жами 4 минг  840 та ҳужжат бекор қилинди, 11 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Жисмоний ва юридик шахслар манфаатини таъминлаш мақсадида судларга 975 та даъво аризаси киритилган.

 

М. Сулаймонов, ЎзА