Зарафшон шаҳрида яшовчи Н.Косбармахов Зарафшон шаҳар адлия бўлимига иш стажларини пенсия ҳисоблашда инобатга олишни сўраб мурожаат қилди.
Мурожаат тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, фуқаронинг меҳнат дафтарчасида унинг 1979 йилда Томди тумани “Ветеринария аптека”сида, 1980 йилда “Бухоро ОПС” ташкилотида, 1987 йилгача Томди тумани “Райселхозтехника” ташкилотида, 2001 йилгача Томди тумани автомобиль парки ҳайдовчиси вазифасида ишлагани қайд этилган. Бироқ Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Зарафшон шаҳар бўлими суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқлиги сабабли ушбу йиллардаги иш стажини инобатга олмаган.
Аммо Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасида меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат эканлиги белгиланган.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳар адлия бўлими мурожаат юзасидан Навоий туманлараро маъмурий судига фуқаро Н.Косбармахов манфаати учун даъво ариза киритди.
Суд даъво аризани тўлиқ қаноатлантириб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Зарафшон шаҳар бўлимига фуқаро Н.Косбармахов ҳуқуқи ҳимоясида юқорида қайд этилган иш стажларини пенсия ҳисоблашда инобатга олиш мажбуриятини юклади.
Абдували Бўриев, ЎзА