Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия аралашуви билан ер майдони ўлчаб берилди
12:26 / 2023-05-05

Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан Бухоро тумани “Кулонхона” маҳалла фуқаролар йиғини, Кулонхона қишлоғида яшовчи фуқаро Т.Турсунова ҳамда Пешку тумани, “Хўлбор” маҳалла фуқаролар йиғини, Хўлбор қишлоғида яшовчи фуқаро М.Жўраевнинг электрон танловда ғолиб бўлиб, ютиб олган ерлари ўлчаб берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганилди.

Аниқланишича, 2022 йил 4 апрелдаги Электрон онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги № 154-364572 баённомага асосан Бухоро тумани “Колонхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган лот рақами 1591487 бўлган 0,20 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонини ижара ҳуқуқи асосида Т.Турсунованинг ўғли Ҳ.Болтаев ютиб олган бўлса-да, амалда “Бухвилерлойиҳа” Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан ер майдони ўлчаб берилмаган.

–Худди шундай қонун бузилиш ҳолати фуқаро М.Жўраевнинг электрон танловда ютиб олган ер майдони бўйича ҳам такрорланган , – дейди Бухоро вилояти адлия бошқармасининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва методик таъминлаш шўъбаси бошлиғи Анвар Раҳмонов. – Вилоят адлия бошқармасининг қонуний аралашуви билан очиқ электрон танлов ғолибларига ер участкасининг чегараси жойида кўрсатиб берилди. Бу ҳақида тегишли маълумотлар “E-IJARA” АТ га жойлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сонли қарори билан тасдиқланган “Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий Регламенти”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти уч иш куни ичида очиқ электрон танлов ғолибига ер участкасининг чегарасини жойида кўрсатиб беради ва бу ҳақида тегишли маълумотларни “E-IJARA” АТ га жойлаштиради.  

Зариф Комилов,  

ЎзА