Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия аралашуви асосида фуқаронинг ҳуқуқи тикланадиган бўлди
18:15 / 2020-05-21

Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилган.


Бухоро туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. жорий йилнинг 17 апрель куни вилоят адлия бошқармасининг "Ишонч телефони"га мурожаат қилиб, бола парвариши таътилида бўлсада, “Асака” акциядорлик тижорат банки вилоят филиали томонидан асоссиз равишда ишдан бўшатилганлигидан норозилигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраган.

Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилган. Натижада мурожаатчига ташкилот бошқарувчисининг буйруғига асосан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-банди билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ва бугунги кунга қадар иш берувчи томонидан мурожаат муаллифининг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқ нусхаси билан таништирилмаганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 107-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилиши ва буйруқ билан расмийлаштирилиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланиши ҳамда мазкур кодекснинг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги қайд этилган. 

Шунингдек, иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши, ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўйиши ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатиши кўрсатиб ўтилган.

Шунга кўра аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси ва “Асака” акциядорлик тижорат банки вилоят филиалига белгиланган тартибда тақдимнома киритилиши таъминланди.