Бухоро вилояти Ромитан тумани адлия бўлимига Пешку тумани “Хуррам” маҳалла фуқаролар йиғини Кате қишлоғида яшовчи фуқаро С.З томонидан мурожаат келиб тушди.
Унда мурожаатчининг ўғли Қ.С 2020 йил 7 октябрь куни Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида меҳнат вазифасини бажараётган вақтда бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги натижасида вафот этганлиги, иш берувчи томонидан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа (зарар) тўловлари тўланмасдан келинаётганлиги сабабли, ушбу зарар тўловларини ундиришда амалий ёрдам бериш сўралган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган. Натижада Ромитан тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мурожаатчи фуқаро С.З фойдасига 128 миллион 311 минг 254 сўм бир йўла бериладиган нафақа (зарар) тўловларини тўлаб бермасдан турли сабабларни рўкач қилиб келаётганлиги аниқланган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида» ги қонунининг 12-бандига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жабрланувчига ёки наф олувчига бир йўла бериладиган нафақа тўлови тўланиши белгиланган. Ёки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 июндаги 177-сонли “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоида” сининг 43-бандида мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта товони қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жабрланувчига ёки наф олувчига бир йўла бериладиган нафақа тўлови тўланиши кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш” тўғрисидаги қоиданинг 34-бандига мувофиқ, иш берувчи зарарни тўлаш тўғрисидаги аризани ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 182-200-моддаларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 13-апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида” ги низомга асосан тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судига тегишли тартибда ариза киритилиб, жавобгар Ромитан тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан фуқаро С.З фойдасига ҳисобланган 128 миллион 311 минг 254 сўм бир йўла бериладиган нафақа (зарар) тўловларини ундириб берилиши таъминланди.
Зариф Комилов, ЎзА