Адирликда ташкил этилган мева-сабзавотчилик кластери
Кластер эгалари ердан унумли фойдаланиб, боғ қатор ораларида қовун, тарвуз етиштирмоқда.
Наманган вилояти Поп туманида унумсиз ерларни ўзлаштириш бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, «Нуран уз» масъулияти чекланган жамияти томонидан адирликлардан иборат 1 минг 885 гектар ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилган.
Жорий йилнинг баҳорида ушбу майдоннинг 100 гектарига ўрик, 70 гектарига гилос кўчатлари экилди, 12 гектар ерда узумзор барпо этилди. Боғда экилган “Magador”, “Maryblon 29 c”, “Flopria” навли ҳосилдор ўрик кўчатлари Испаниядан келтирилган бўлиб, икки ойлигидаёқ нишона кўрсатди. Келаси йилдан боғ тўлиқ ҳосилга кириб, гектаридан 70 тоннагача мева беради. Бу гектарига 50 минг долларлик мева экспорт қилиш мумкин, дегани.
Кластер эгалари ердан унумли фойдаланиб, боғ қатор ораларида қовун, тарвуз етиштирмоқда. Айни кунларда ғарқ пишган шириндан шакар қовун-тарвузлар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.

Таъкидлаш жоиз, қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида самарасиз ётган ерларда интенсив боғ яратишга инновацион асосда ёндашилган, сувни тежайдиган томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Ушбу механизмни кластернинг ўзи яратган бўлиб, бу 50 фоиз маблағни тежаш имконини берди. Бунинг учун 180 метр чуқурликдан сув чиқариладиган 4 та қудуқ қазилиб, тортиб олинган сув шу ердаги ҳовузда тўпланади. Тўлиқ компьютерлаштирилган тизим чанқаган ерларга автоматик тарзда сувни юборади. Яъни, ҳамма иш инсон омилисиз, компьютер орқали бошқарилади. Бу – икки босқичли лойиҳанинг дастлабкиси бўлиб, 2021-2022 йилларга мўлжалланган кейинги босқичда яна 1 минг 455 гектар ер ўзлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, 350 та иш ўрни яратилиб, йилига 10 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш имкони пайдо бўлади.
