Қадим ўтмишнинг жонли ифодаси
Навоий вилояти Қизилтепа туманида ўзига хос архитектуравий ечимга эга бино ва объектлар талайгина. Бу ҳудуд биносозларининг билими ва чуқур ижодий маҳоратидан далолатдир.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида ўзига хос архитектуравий ечимга эга бино ва объектлар талайгина. Бу ҳудуд биносозларининг билими ва чуқур ижодий маҳоратидан далолатдир.
Ҳудуд номи билан уйғун тарзда тепалик кўринишида барпо этилган Қизилтепа туман тарихи музейи диққатга сазовор жойлардан. 1979-1981 йиллар давомида қурилган мазкур объектга илк бор ўлкашунослик, 2018 йилдан бошлаб эса тарих музейи мақоми берилган. Бинонинг умумий майдони 416,50 кв метрдан иборат бўлиб, 1 та экспозиция зали ва 6 бўлимдан иборат. 2015-2016 йилларда қайта таъмирланган музей янада чирой очиб, замон талабларига мос тарзда маҳаллий ва хорижий меҳмонларга хизмат қила бошлади.
Музей фондида тасвирий санъат, археология, этнография, нумизматика, ҳайкалтарошлик ва бошқа соҳалар билан боғлиқ жами 2 минг 760 дан зиёд экспонат мавжуд. Арабонтепа ёдгорлиги тепаликларидан топилган бўйи 105 сантиметр, диаметри 34 сантиметр келадиган хум ҳамда “Тошмасжид” меъморий ёдгорлигига тегишли бўйи 3 метрлик устун – энг ноёб экспонатлардан саналади.
Қадим тарихнинг жонли ифодаси бўлган мазкур музейга ташриф буюрган киши нафақат ҳудуд ўтмиши, балки унинг табиати, ҳайвонот олами, қадимги кишилар маданияти ва турмуш тарзи борасида қизиқарли ва қимматли маълумотларга эга бўлади.