French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адибнинг ибратли ижоди
15:10 / 2022-09-09

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 115 йиллигига бағишланган маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, талаба-ёшлар, китобхонлар иштирок этди. 

Анжуманда ёзувчи ижоди, унинг аҳамияти, Абдулла Қаҳҳор асарлари адабиётга кирган ёшлар учун ўзига хос ибрат вазифасини ўтаётгани ҳақида батафсил сўз юритилди.  

– Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётининг XX асрдаги  олтин фондини яратган ижодкордир, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – Комедия жанрини Ҳамзадан кейин адабиётга олиб кирди. Унинг ҳикоялари миллий руҳи билан устувор. Улар сатирик йўналиши билан ҳам аҳамиятлидир. Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари Чехов, О.Генри, Зошенко ҳикоялари билан бир сафда туради. Улар юксак бадиий савияда яратилган ҳикоянависликнинг намунаси. "Анор", "Бемор", "Даҳшат" каби ҳикоялар бизнинг ўзбеклигимизнинг қиёфаси, дейиш мумкин. Абдулла  Қаҳҳор романчилик билан бирга фельетон жанрининг ҳам устасидир.  Кўплаб адабиётшунослар, ёзувчилар унинг атрофида доимий ўгитдаридан баҳраманд бўлган. 

Тадбирда Марат Асадуллаев сценарий муаллифи ва режиссёрлиги асосида суратга олинган "Абдулла Қаҳҳор абадий биз билан" номли бадиий-ҳужжатли фильмнинг премьераси бўлиб ўтди. Мазкур картина адибнинг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорованинг "Чорак аср ҳамнафас" номли бадиий-публицистик китоби асосида тасвирга олинган. Картина Абдулла Қаҳҳор ҳаёти, фаолияти ҳақида бадиий ифода орқали ҳикоя қилади. Олимлар, адиблар, шогирдларининг ёдномалари билан ҳам бойитилган. 

Анжуманда "Адиб сиймоси илм аҳли тадқиқотларида", "Устоз чироғи" каби қизиқарли мавзудаги хотиралар иштирокчиларга тақдим этилди. 

 

Назокат Усмонова,  
ЎзА мухбири