Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адиблар хиёбонидаги манзарали ва мевали дарахтларга қуш уялари илиб чиқилмоқда
17:17 / 2025-05-21

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 35 минг гектардан кўпроқ майдон мавжуд бўлса, шундан 7 минг гектарини яшил майдонлар ташкил этади. Ушбу яшил ҳудудда 220 турдаги дарахт ва 30 хилдаги бута парвариш қилинмоқда.

Уларни мавсум давомида турли зараркунандалардан асраш, қуриганларини йўқ қилиш, янги экзотик ўсимлик турларини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Хусусан, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари томонидан доимий равишда назорат тадбирлари олиб бориляпти. Пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонига ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари жараён билан батафсил танишди. 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2020 йилда янгидан барпо этилган мазкур боғ 24 гектарни ташкил этади. Бу ерда 3 минг 900 та манзарали дарахт бор. Ҳар хил навдаги ушбу манзарали дарахтларнинг яшиллигини сақлаб қолиш, турли хил зарарли организмлардан ҳимоя қилиш, зараркунанда ҳашаротларни кимёвий усулдан босқичма босқич воз кечган ҳолда, биологик усулда йўқ қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Пресс-тур давомида мана шундай усуллардан бири бўлган, энг самарали энтомофаглардан ҳисобланган олтинкўз ҳаммахўр ҳашарот тухумлари ҳамда биологик усуллардан бири – қуш инлари дарахтларга илиб чиқилди. Бу биохилма-хилликни асраш, қушлар биофондини бойитиш ва уларни муҳофаза қилган ҳолда кўпайиши, тарқалиши билан бир қаторда зарарли организмларнинг ўсимлик дунёсига салбий таъсирининг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бу йилги мавсум учун 300 дан ошиқ қуш инларини илиш режалаштирилган. 

Кейинги манзилимиз Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига қарашли “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият чегара маскани бўлди. Мамлакатимизга хориждан кириб келаётган ва чет давлатларга чиқиб кетаётган карантин ости-юкларини назорат қилишда, зарарли-организмларни аниқлашда, ушбу чегара масканларида кучайтирилган тартибда назорат олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда дунё бўйлаб 305 мингдан ортиқ карантиндаги зарарли организмлар мавжуд бўлиб, уларнинг юртимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш долзарб ҳисобланади. Шу боисдан чегара масканларига бириктирилган инспектор ходимларнинг бу борадаги хизматлари муҳим аҳамиятга эга.

Ш.Маматуропова, ЎзА