French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адиблар хиёбонида лаборатория шароитида етиштирилган олтинкўз ҳашароти тарқатилди
17:04 / 2024-05-02

Игнабаргли дарахт ва буталар республикамизнинг яшил майдонларида катта ҳудудни эгаллайди. Ушбу ўсимликлар ҳавони нафақат кислород билан бойитиш, балки дезинфекция қилиш хусусиятига ҳам эга. Маълумотларга қараганда ер юзида игнабаргли ўсимликларнинг 400 га яқин нави бор.

Ўзбекистонда эса арча туркумига мансуб турлари ўсади. Ушбу ўсимликларнинг асосий кушандаси арча унсимон қурти ҳисобланиб, ҳашарот арчанинг новда ва баргларига ўрнашиб катта зарар етказади. Мана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонида лаборатория шароитида етиштирилган олтинкўз фойдали ҳашароти тарқатилди.

Бу ҳақида Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда айтиб ўтилди. 

– Олтинкўз фойдали ҳашарот ҳисобланади, – дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси Сурайё Содиқова. – Адиблар хиёбони яшил майдонларида биологик кураш тадбирлари амалга оширилиб, ушбу ҳашаротдан тўғри фойдаланиш бўйича керакли тавсиялар берилди. Бу энтомофагни барча турдаги зараркунандалар: шира, ўргимчаккана, унсимон қуртга қарши мавсум давомида тўрт маротаба белгиланган меъёрда қўллаш натижасида юқори самарадорликка эришиш мумкин. Олтинкўзлар тўрқанотлилар туркумига мансуб бўлиб, улар личинкалик ва вояга етган фазаларида турли хил ҳашаротлар, каналар билан озиқланади. Марказий Осиёда уларнинг 24 тури, Қозоғистонда 15 тури, Ўзбекистонда эса бу истиқболли табиий кушандаларнинг 12 тури қайд қилинган. Буларнинг орасида оддий олтинкўз, етти нуқтали олтинкўз ва яна бошқа бир неча турлари самарадор ҳисобланиб, биолабораторияларда кўпайтирилади.

Бугунги кунда дунё бўйлаб 305 мингдан ортиқ карантиндаги зарарли организмлар мавжуд бўлиб, уларнинг юртимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш долзарб масала саналади. Шу боисдан чегара масканларига бириктирилган инспектор ходимларнинг бу борадаги масъулияти юқори. 

Журналистлар пресс-тур давомида Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига қарашли «Чуқурсой» чегара маскани фаолияти билан ҳам танишди. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ўсимликлар карантини ва ҳимояси агроном инспекторларининг олдида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли етиштиришда кўмак бериш ва унинг экспортбоплигини ошириш, далалардаги даромад манбаларини турли хил зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш вазифалари турибди. Ана шундай масъулиятни чуқур ҳис қилган Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг инспекторлари деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришда, «даладан – дастурхонгача» бўлган жараёнда деҳқонларга кўмакчи бўлмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА