English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адиблар хиёбони — ҳаёт мушоираси маскани
09:34 / 2020-06-07

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг «Кўрдим, Шукур Бурҳон...» шеърини билмаган адабиёт ихлосманди бўлмаса керак.


Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг «Кўрдим, Шукур Бурҳон...» шеърини билмаган адабиёт ихлосманди бўлмаса керак. Унда атоқли актёр қиёфасида халқимиздан етишиб чиққан буюклар сиймоси умумлашма образ сифатида тасвирланади.

“Бу шеърни кўрсангиз, балки койирсиз:
Одамни қўйда, деб ҳоли-жонига.
Биламан, пиёда, тинч етмоқчисиз,
Ҳув мағрур ҳайкаллар хиёбонига...”

Адиблар хиёбони. Инсоният яралибдики, санъат билан, адабиёт билан ҳамнафас яшайди. Яқинда пойтахтимизнинг қоқ юрагида бунёд этилган Адиблар хиёбонини зиёрат қилар эканман ана шу ўй ўтди хаёлимдан.

Абдулла Қодирий... Ростгўйлиги, миллатсеварлиги учун қурбон қилинган улуғ адиб.

Саид Аҳмад... Навқирон ёшида «Халқ душмани» деган туҳматга учраб, бадном қилинган, истиқлол йиллари «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган буюк сўз заргари.

Саида Зуннунова... Садоқатнинг буюк ҳирқасини елкасига илиб, асрдан асрга ўйчан тикилиб турган, бугунги ўзбек қизларига намуна бўладиган ўзбек аёли, шоираси...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси яқинида қад ростлаган ўндан ортиқ сиймо буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали билан бир бутунлик ҳосил қилгани эътиборга молик. Гўё ғазал мулкининг султони ўзи бошлаган адабиёт карвонини ортидан эргаштириб бораётгандек. Гўё барча замонларнинг нуктадон ижодкорлари улуғ устоз бошчилигидаги мушоирага йиғилгандек.

Икки ҳайкал олдида узоқ туриб қолдим.

Ойбек...
Бундан бир неча йил аввал биринчи ўзбек кимёгар аёли Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» мемуар асарини ўқигандим. Улуғ адибнинг рафиқасига тегишли кўнгил кечинмаларидан қаттиқ таъсирлангандим, икки қалбнинг бир-бирига бўлган ҳурмати, эҳтироми, муҳаббати, ҳамдардлиги ҳафталаб хаёлимни банд этганди. Хиёбонда Ойбек домла қаршисида турарканман, ўша кечинмаларни такрор ҳис этдим. Қаёқдандир қулоғимга вазмин, аммо ҳаётбахш овоз келади:
“...Нафис чайқалади бир туп наъматак,
Чўққида, қуёшнинг беланчагида
... Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди...”.

Сал наридан қувноқ қаҳ-қаҳа янграгандек бўлади. Танийман. Бутун умр содда ва самимий ҳаёт кечирган Ғафур Ғулом қаҳ-қаҳҳаси. Ҳануз урушни лаънатлаётган, тинчлик, бунёдкорликни улуғлаб, миллатлар ўртасидаги дўстликни куйлаётган ўзбек зиёлиси.

«Тошкент – нон шаҳри» фильмини кўпчилигимиз севиб томоша қиламиз. Юртимиз пойтахти ҳамиша турфа элу-миллатлар учун умумий уй бўлгани ҳақиқат. Бунга Шомаҳмудовлар оиласи асрий ҳайкал бўлиб турибди. Аслида адабиётимизда ҳам шундай бўлган. Аммо бугунгача миллий сўз санъатимиздаги миллатлар дўстлиги масаласи очилмаган қўриқ ҳолида эди. Адиблар хиёбонидаги бир жиҳат шу сабаб ҳам эътиборимни тортди.

Демоқчиманки, хиёбондан Александр Файнберк сиймоси ҳам жой олгани адолатли ва гўзал иш бўлибди.

... Устозлар зиёратидан шундай кечинмалар билан қайтдим.

Нилуфар ОМОНОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ талабаси.