Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида таниқли ёзувчи, таржимон, публицист Рисолат Ҳайдарованинг “Суюмбика” романи тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов, таниқли шоирлар Салим Ашур, Сирожиддин Рауф ва бошқалар мустақиллик даври ўзбек насрида жаҳон тарихи мавзуларига қўл уришдек хайрли анъана шаклланганини таъкидлади. Муҳаммад Aлининг “Клеопатра”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романлари, Бахтиёр Aбдуғафурнинг “Кибр минораси” қиссаси шулар жумласидандир. Ёзувчи Рисолат Ҳайдарованинг “Суюмбика” тарихий романи ҳам мана шу анъана йўлида ёзилган.
Роман XVI аср ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган воқеаларга бағишланади. Суюмбика – Қозон хонлигини бошқарган, мамлакатда қатор иқтисодий ислоҳотлар ўтказган, ўз халқи, эрки, бахт-саодати учун курашган жасур малика. Туркий халқлар томонидан Суюмбика ҳақида кўпдан-кўп афсоналар тўқилган. Aсар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгашида муҳокама қилиниб, ижобий баҳоланган ва нашрга тавсия этилган. Китоб “Само нашр” нашриётида чоп этилган.
Бугунги кунда Қозон шаҳри меъморий обидалари орасида маҳобатли Суюмбика минораси алоҳида ўрин эгаллайди. Шаҳардаги хиёбонлардан бирига ҳам маликанинг номи берилган. 1991 йилдан эътиборан Қозонда “Суюмбика” номли хотин-қизлар журнали чоп этиб келинмоқда. 2022 йилда Россиянинг Рязань вилоятидаги Қосимов шаҳрида Суюмбикага ҳайкал ўрнатилган.
500 йилдан ошибдики, Суюмбика ҳақидаги тарихий ҳақиқат ва афсона эл орасида яшаб келади.
Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар роман ўзбек насрида деярли ёритилмаган янги мавзуга бағишлангани, туркий халқлар тарихининг ёрқин вакиласи бўлмиш Суюмбика тарихий феномени бадиий тимсол даражасига кўтарилганини эътироф этди.
Романда Суюмбика образи орқали аёл иродаси, ватанпарварлик, юрт осойишталиги йўлидаги фидокорлик каби улуғвор ғоялар шарафлангани таъкидланди.
Тадбирда Рисолат Ҳайдарова ижоди, унинг янги романи хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА