Стол тенниси бўйича ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатининг яккалик мусобақалари ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Мазкур мусобақа юртимизда бир қатор истеъдодлар етишиб чиқаётганини кўрсатди. Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган яккалик мусобақалар финалида Аделина Ҳасанова Аружан Камоловани мағлуб этди.
Мазкур натижа туфайли А.Ҳасанова 1-ўрин, А.Камолова 2-ўрин, Диана Полегаева ва Асел Эркебаева 3-ўринларни банд этди.
Мусобақанинг йигитлар ўртасидаги яккалик курашларда Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи спортчиси Зоҳид Кенжаев чемпионатга алоҳида тайёргарлик кўрганини яна бир карра намойиш этди.

Бир неча йилдан бери яккалик мусобақаларда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли стол теннисчиси номини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Кенжаев саралаш ва ярим финал мусобақаларида ғалабага эришди. Финалда эса доимий рақибларидан бири Шоҳрух Искандаровни кичик ҳисобда доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди.

Ўз навбатида кейинги ўринлар Шоҳрух Искандаров, Жамшид Раҳимберганов, Диёрбек Дилшодовга насиб этди.
Чемпионат дастурига мувофиқ энди стол теннисчилар жамоавий ва аралаш жамоавий мусобақаларда майдонга тушади.
200 нафарга яқин спортчи қатнашаётган мусобақалар 16 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА