Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адаптив спорт турлари ривожлантирилади (+видео)
21:14 / 2025-05-02

Сўнгги тўрт йил ичидабюджетдан спортга ажратилаётган маблағ ҳажми 1.5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошди, мураббийларнинг ўртача маоши 2 баробарга кўпайди, 101 та йирик спорт иншоотлари янгидан қурилди, 67 таси реконструкция қилинди.

Кейинги йилларда параспорт бўйича ҳам катта ютуқлар қўлга киритилди. Лекин Ўзбекистон жамоаси “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ўйинларида кучли ўнталикка киришни мақсад қилар экан, бунга эришиш учун маррани катта олиб, қуйи тизимларда кенг кўламли ислоҳотлар зарур. 

Соҳани ислоҳ қилиш мақсадида Президентимизнинг 2024 йил 8 ноябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан Паралимпия, Сурдолимпия, Махсус Олимпиада ҳаракатлари ҳамда кўзи ожизлар спортини мувофиқлаштирувчи, ривожлантирувчи яхлит ва ягона тизим яратилди. 

Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ва соҳадаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Таъкидландики, паралимпия жамоамиз томонидан охирги Олимпиадада фақат 5 та спорт тури – бокс, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика ва эркин кураш бўйича медаллар қўлга критилган. Лекин ҳали ҳамон спортчиларимиз салоҳияти ва имконияти тўлиқ ишга солинмаётган спорт турлари ҳам мавжуд. 

Шу боис спорт билан шуғулланиш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатига кўра уларга ҳудудлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида бепул шуғулланишлари учун йўлланмалар берилади. 

Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти негизида Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилади. 

Адаптив спорт турлари бўйича иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизими мувофиқлаштирилади. 

Шунингдек, адаптив спорт турлари бўйича тренер, йўриқчи-услубчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. 

Айтилдики, эндиликда спорт мактабларида адаптив спорт турлари бўйича гуруҳларни ташкил қилган тренерларнинг лавозим маошини ҳисоблашда базавий тариф ставкаларига нисбатан 50 фоиз миқдорида устама ҳисобланади. 

Шу билан бирга спортчиларни тайёрлашда жаҳон стандартларига жавоб берадиган ўқув-услубий адабиётлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Уч босқичли “Беш ташаббус паралимпиадаси” доирасидаги мусобақалар дастурига карлар, кўзи ожизлар ва махсус олимпия спорт турларини киритиш, ғолиб ва совриндорлар орасидан ногиронлиги бўлган иқтидорли шахсларни саралаб олиш ҳамда уларни профессионал спортга йўналтириш тизими йўлга қўйилади. 

2025 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда май ойининг биринчи якшанбасида республиканинг барча ҳудудларида «Инсон учун» шиори остида адаптив спорт турлари бўйича фестиваль ўтказиш ва унинг доирасида хайрия марафонларини ташкил этиш режалаштирилган. 

Шунингдек, матбуот анжуманида Президент қарори билан спортчиларимизга келгусида яратиб бериладиган шароит ва имкониятлар, ўзгаришлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди ва якунида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди. 

Бир сўз билан айтганда янги тизим ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилишда кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mg8_hsptspM" title="Adaptiv sport turlari rivojlantiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Жавоҳир Тошхўжаев, Аброр Содиқов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА