Пойтахтимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида “Адиблар хиёбони” бунёд этилганига 5 йил тўлди.
Халқимизни китобхон миллатга айлантириш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган маърифий янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этмоқда.
2020 йилнинг 20 май куни Тошкент шаҳрида “Адиблар хиёбони”дек муаззам ва файзли маскан барпо этилган эди. Хиёбонда миллий адабиётимиз равнақига улкан ҳисса қўшган, унинг довруғини дунёга танитиш йўлида самарали меҳнат қилган кўплаб шоир ва ёзувчиларнинг азиз сиймолари акс этган муҳташам ҳайкалларнинг қад ростлагани Ватан адабиётини ўрганиш, уни тобора кўпроқ тарғиб ва ташвиқ этишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилмоқда.
Эндиликда мазкур сўлим гўшада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан турли адабий анжуманлар, турли ижодий-маърифий лойиҳалар, кўрик-танловлар муваффақиятли ўтказилмоқда.
Хиёбондаги ҳар бир ижодкор ҳайкалининг пойтахтимиздаги муайян олий ўқув даргоҳига бириктирилгани талаба-ёшлар томонидан юртимиз ижодкорларининг ҳаёти, фаолияти, асарларини тўла-тўкис ўрганишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган йирик адабий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, форум иштирокчилари ҳам энг аввало, “Адиблар хиёбони”га келиб, Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиши шоир даҳосига, миллий адабиётимизга бўлган юксак эҳтиромнинг яна бир амалий натижасидир.
Бу ерда мактаблар, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим даргоҳларининг ёшлари учун адабиётимиз бўйича очиқ дарслар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, мулоқотлар, китобхонлик, шеърият байрамлари, адабий хотира тадбирларининг ўтказилиши ибратли анъана тусига кирди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда китобхонликка қаратилаётган эътибор умуммиллий ҳаракатга айланди. Бундай эзгу ҳаракатда пойтахтимиздаги муаззам “Адиблар хиёбони” ўзига хос маърифий платформа вазифасини бажараётгани аниқ.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири