Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Адабиёт ва ҳаёт” номли фотокўргазма ташкил этилди
18:11 / 2025-11-21

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси кенгаши аъзоси, “Маънавий ҳаёт” журнали фотожурналисти, фоторассом Султонбой Деҳқоновнинг “Адабиёт ва ҳаёт” номли шахсий фотокўргазмаси ташкил этилди.

Фотокўргазмада ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, журналистларнинг қиёфалари, бугунги кунда мамлакатимиз адабий   ҳаётида кечаётган ижодий жараёнлар, устоз ижодкорларнинг гурунги, дилкаш суҳбатлари акс эттирилган суратлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.  

Султонбой Деҳқонов 1959 йил 1 май куни Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган. 1985 йил ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Бадиий академиясининг фотосанъат мактабини тугатган. Ижодий фаолият билан 1980 йилдан буён шуғулланмоқда.

[gallery-26373]

Султонбой Деҳқонов маҳоратли фоторассом сифатида республика ва халқаро кўргазмалар иштирокчиси. Ўзбекистон Бадиий академияси кўмагида Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Жиззах, Наманган, Қўкон, Андижон, Нукус, Бахмал, Шеробод туман-шаҳарларда озод ва обод юртимизни мадҳ этувчи 35 та кўчма шахсий кўргазма ўтказган. Муаллифнинг янги Ўзбекистон манзаралари, кун қаҳрамонлари, миллий қадриятларимиз  мавзусидаги ранг-баранг фотоасарлари томошабинда катта таассурот қолдиради. Бугунги кўргазмада эса замонавий ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган таниқли ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бўлган меҳр-муҳаббати, эътирофини фотоҳикояларда томошабинлар эътиборига ҳавола этади. Шу орқали адабиётимиз фидойиларини гўзаллик руҳида тарбиялашдаги лаҳзаларини муҳрлаб, ўқувчиларда фахр туйғусини уйғотади ва Адиблар хиёбони учрашувига чорлайди.

Фотомусаввирнинг асарлари Фарғона, Қоракалпоғистон давлат Ўлкашунослик музейи ва хусусий галереяларда сақланади. Султонбой Деҳқоновнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Санъат”, “Маърифат”, “Ишонч”, “Жамият”, ”Маънавий ҳаёт” газета-журналларда замонавий ўзбек фотосанъати мавзусидаги долзарб мақола, фотоасарлари эълон килинган.

Ижодий фаолияти муносиб тақдирланиб, бир қанча танловлар ғолиби саналади. Ижодкор 2021 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, 2021 йили “Йилнинг энг фаол журналисти” республика танлови ғолиби, 2024 йили “Энг улуғ, энг азиз”  республика танловида 1-ўрин ғолиби, 2025 йил Ўзбекистон Бадиий академияси ижодий уюшмасининг “Олтин” медаль соҳиби бўлган.

Н.Усмонова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА