Қалам аҳли борки, аввало сўз даргоҳига интилади. Бу сирли маскан эса ҳамиша адабиётга, ижодга ошно қалблардир. Таъкидлаш керакки, ҳақиқий ижодкор кўпинча қайноқ жараёнлар маркази бўлган — таҳририятларда етишиб чиқади.
Бугунги кунда Навоий вилоятидаги телевидение ва газета таҳририятларида фаол ижод қилаётган журналистлар орасида ҳам истеъдодли ёзувчи ва адиблар талайгина. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, Навоий вилояти телерадиокомпанияси директори ўринбосари, журналист ва шоир Бобоқанд Умаров (Бобоқанд Мирзо) шундай инсонлардан.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институти фаоллар залида “Шеъриятга ошно қалб” мавзусида уюшма аъзоси Бобоқанд Умаров билан ижодий учрашув ўтказилди.
Унда институтнинг Ўзбек филологияси факультети профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этди. Дастлаб, филология фанлари доктори Абдуҳамид Холмуродов тадбирни бошлаб берди ҳамда факультетда шоир ва адиблар билан учрашувлар ўтказиш эндиликда мунтазам йўлга қўйилишини таъкидлади.
[gallery-4321]
Ҳар бир ижодкор адабиёт майдонида ўзини хокисор ҳис қилади ва бу соддалик мисраларга ҳам кўчади. Ватан мавзуси ҳам ҳар бир қаламкаш учун таърифи тугамас сўз уммонидир. Бобоқанд Мирзо навбатдаги шеърида айни мавзуга тўхталар экан, бу сатрларда шоирнинг болалик йиллари ўтган – сўлим Хатирчининг бетакрор Олтинсой қишлоғи манзаралари ҳам акс этгандек.
Ижод кечаси қизғин тус олиб, адабиёт, ватан, ишқ мавзуларидаги шеърлар сўзга ошно қалбларни ром этди.
Учрашув сўнгида ёшлар ва тадбир иштирокчиларига Бобоқанд Мирзонинг “Иккимиз икки олам” шеърий тўплами туҳфа этилди.
Озод Мустафоев,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси Навоий вилояти бўлими мутахассиси
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА