Ўзбекистон ва Украина ўзига хос тарихий, маърифий-адабий алоқаларга эга.
Маълумотларга кўра, олис даврларда мамлакатимиз ҳудудига илк бор қадам қўйган ва икки халқлар ҳаётида ўчмас из қолдирган илк украиналиклардан бири буюк шоир, истеъдодли рассом Тарас Григорьевич Шевченкодир.
У 1884-1885 йилларда Орол денгизи, ҳозирги Қорақалпоғистон Республикасининг туташ ерлари, Aмударё ва Сирдарёни ўрганиш бўйича биринчилардан бўлиб илмий экспедицияда иштирок этди.
Жаҳон маданияти хазинасига беқиёс ҳисса қўшган ўзбек шоири Aлишер Навоийнинг буюк асарлари сингари украиналик Тарас Шевченконинг ўлмас шеърий ижоди ҳам инсоният қалби ва онгида ўчмас из қолдирди. Унинг номи икки дўст халқнинг маданияти ҳамоҳанглиги рамзига, ўзбек халқи маънавий маданиятининг бир бўлагига айланди. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Тарас Шевченко номи берилгани, укарин ижодкорига бу ерда ҳайкал ўрнатилгани халқларимиз дўстлигининг далилидир.
Жорий йилнинг 26-28 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Славутич” Республика украин маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллигини нишонлаш мақсадида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Украина халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга оид юбилей тадбирлари ўтказилмоқда.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ахборот хизмати маълум қилишича, юбилей дастури доирасида Тошкентдаги Шевченко ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси масъул ходимлари, “Славутич” Республика украин маданият маркази ҳамда бошқа маданият марказлари раҳбарлари ва фаоллари, шаҳар жамоатчилиги, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари украин халқининг буюк вакилига ҳурмат бажо келтирди ва Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг тарихи ва хотирасига кўрсатаётган ҳурмат ва эҳтироми учун миннатдорчилик билдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА