Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адабиёт – дўстлик элчиси
12:50 / 2021-09-23

Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларида тобора янги-янги қирралар очилиб бормоқда.

Бу, айниқса, иккала мамлакат Президентларининг ўзаро расмий ташрифлари ва дастлаб 28, сўнгра 36 пунктдан иборат битимлар имзосидан сўнг жадал суръатларда ривожлана бошлади. Ўша келишув-битимларга кўра, мамлакатлар ўртасида маданий, адабий алоқаларни йўлга қўйиш, ёзувчи-шоирлар иштирокида тадбирлар ўтказиш назарда тутилган, албатта.

Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги элчихонасида ўзбекистонлик қатор адабиёт ва маданият вакиллари ҳамда тожикистонлик адиблару шоирлар, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувни очиқ, дея эълон қилар экан, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов ушбу тадбирни иккала мамлакат Президентлари - муҳтарам Шавкат Мирзиёев ва муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг олиб бораётган доно ва оқилона сиёсатлари натижаси, дея баҳолади.  

- Мамлакатларимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда турли кўринишдаги муносабатларимиз анчайин юксак марраларга кўтарилди, жумладан, адабий алоқаларимизда фаоллик сезилмоқда. Бугунги йиғилишимиз боиси "Ўзбекистон-Тожикистон" дўстлик жамияти ва Тожикистон Республикаси Суғд вилояти Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази жамоатчилик ташкилоти ҳамкорлигида тожикистонлик бир қатор ёзувчи-шоирлар ижодидан намуналар - "Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси" номли китоб тақдимотидир. Сухан аз даҳони Луқмон ширин аст, деганларидек сўзни бевосита китобга алоқадор кишиларга берамиз, - деди элчи жаноблари.  

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби, "Ўзбекистон-Тожикистон" дўстлик жамияти ижрочи директори Шуҳрат Суюнов ҳам икки мамлакат ўртасида ўрнатилган ижобий муносабатлар ҳақида тўхталиб, "Ўзбекистон-Тожикистон" дўстлик жамияти ва Тожикистон Республикаси Суғд вилояти Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази жамоатчилик ташкилоти ҳамкорлиги натижасида дунёга келган антология ҳақида сўз юритаркан:  

- Жорий йилги Тожикистонга сафари чоғида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Душанбе ва Тошкентда замонавий тожик ва ўзбек адабиёти антологияси яратишни таклиф қилганди. Ана шу таклиф маҳсули сифатида ушбу китоб дунёга келди. Бу - дебочаси. Ҳали шу йўналишдаги алоқаларимиз давом этажак.  

Дарвоқе, ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат, нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти ҳисобига нашр этилганлигини ҳамда Тожикистонда яшовчи ўзбек миллатига мансуб фуқароларни ўзбек тилида чоп этилган адабиётлар билан таъминлаш учун давлат гранти ажратилганлиги, давлат гранти ҳисобидан 70дан ортиқ номдаги китоблар харид қилинганлигини айтиб ўтмоқчиман, - деди.

Сўнгра мазкур китоб иштирокчиларга тарқатилди. Шундан сўнг, Шуҳрат Суюнов жамият номидан Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг ўзбек тилидаги нашри - "Халқ овози" газетаси кутубхонасига юздан ортиқ нусхадаги турли бадиий китобларни туҳфа қилди.  

Сўзга чиққанлардан яна бири – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид уюшма раиси Сирожиддин Саййид саломини етказаркан, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи билан ўрнатилган адабий алоқани тилга олиб ўтди. У, шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистонда ижодкорларга берилаётган улкан эътибор натижасида яратилаётган ижод мактаблари, ижодкорлар боғлари ҳамда ёзувчилар уюшмаси учун қуриб берилган янги муҳташам бино ҳақида сўзлаб берди.  

Ғайрат Мажид сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ижодкорларининг адабий алоқалари бугун пайдо бўлган эмас. Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий боболаримиз тамал тошини қўйган бу дўстлик ҳамиша ижод аҳли битикларида инъикос этиб келган.  

Шўролар даврида ҳам устозларимиз - Мирзо Турсунзода, Боқи Раҳимзода, Лойиқ Шерали, Ғафур Ғулом, Зулфияхоним, Эркин Воҳидову Абдулла Ориповлар ўрталаридаги дўстлик ришталари тоабад давом этаверади.

Кейинги навбатда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Феруз Беков ўз нутқида уч тилда нашр этилган "Ўзбекистон - умумий уйимиз" номли китоб атрофида тўхталиб ўтди.  

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшаётган Ўзбекистонда 144 миллий ва маданий марказлар, 16 диний конфессиялар амал қилаётган бўлиб, давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда.  

Йиғилиш иштирокчиларидан Тожикистон Республикаси Ҳукумати расмий нашриялари - "Халқ овози" ва "Народная газета" газеталари бош муҳаррирлари Ёқубжон Абдуманонзода ва Маҳбуба Камоловалар ҳам ушбу мулоқотлар иккала давлатнинг муҳтарам Президентлари олиб бораётган доно ва дўстона сиёсатлари маҳсули эканлигига урғу беришди. Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси ёрдамчиси, таниқли шоир Акбар Абдулло, таниқли ёзувчи Ато Ҳамдам, болалар ёзувчиси Азизи Азиз иккала мамлакат ижодкорлар уюшмалари ўртасидаги адабий алоқалар ҳақида сўзлаб ўтишди.  

Суғд вилояти Ўзбеклар маънавият ва маърфат маркази жамоатчилик ташкилоти раиси Илҳом Юсупов ўзаро ҳамкорликдан мамнунлик билдириб, антология чопи учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этди. Ёзувчи Ҳаким Зокир, адабиётшунос олимлар - Бахтиёр Мўминов, Ражабали Хидировлар антология нашри ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди.  

Мутафаккирлар адабиётни халқнинг юраги, дейишади. Зотан, унинг ҳар бир зарб садоси халқларни якдиллигу дўстлик сари чорлайверади, Бу баҳо икки тилда сўзлашувчи бир халқ - тожик ва ўзбек адабий доиралари вакиллари йиғилган ушбу учрашувда яна бир бор ўз исботини топди.

Абдулло САИДОВ, "Халқ овози" газетаси мухбири

Зуҳриддин УМАРОВ (сурат)