Китоблар азал-азалдан илм манбаи, инсонни комиллик сари етакловчи восита сифатида эъзозлаб келинган. Бугунги кунга келиб эса ёш авлод ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида турли танлов, лойиҳа ва акциялар ташкил этиб бориляпти. Қашқадарёлик ижодкор Элёр Дархонов ҳам шахсий ташаббус кўрсатиб, “Инсон қадри учун илм улаш” шиори остида воҳадаги мактаб ўқувчиларининг минг нафардан ортиғига ўз муаллифлиги асосида тайёрланган адабиёт дарслиги қўлланмаларини улашди.
Мазкур қўлланма умумтаълим мактабларида ўқитилаётган 5-9 синфлар учун мўлжалланган адабиёт дарслиги асосида тайёрланган бўлиб, ўзбек адабиётининг барча даврларида яшаб ижод қилган адиблар, ёзувчи-шоирлар ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар ҳамда ана шу мавзуларга доир тест-топшириқлари, саволлардан иборат. Қўлланма орқали ўқувчилар адабиёт фанидaги мавзулар борасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлади.

Муаллиф бугунги кунга қадaр лойиҳа доирасида Нишон, Китоб, Косон, Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳридаги мактабларда таҳсил олувчи 1 минг 200 нафарга яқин ўқувчига ушбу қўлланмадан совға қилди ва уларнинг сафини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

Таъкидлаш лозим, қўлланма муаллифнинг ўз ҳисобидан тайёрланган ва 5-9 синфлар учун алоҳида-алоҳида 5 та қўлланма шаклида чоп этилган.

– Болaлигимда жадид боболаримизнинг қилган қаҳрамонликлари, фидойиликлари ҳақидаги маълумотларни ўқир эканман, менда ҳам уларга муносиб авлод бўлиш, уларнинг хайрли амалларини давом эттириш истаги пайдо бўлган ва бу истак мени йиллар давомида миллат фарзандларининг илмли бўлишлари учун ҳисса қўшадиган бирор ишни қилишга ундарди, – дейди лойиҳа асосчиси Элёр Дархонов. – Шу сабабли адабиёт дарслиги асосида тест топшириқлари китобларини нашр эттирдим ва бугунга келиб, бу китобларни ўқувчиларга улашяпман. Мазкур лойиҳани республика бўйлаб ҳам амалга ошириш истагидаман.

Маълумот ўрнида, Элёр Дархоновнинг аввалроқ “Дилдаликлар” номли шеърий тўплами ҳам китобхонлар эътиборига тушган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири