Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Адабий танқид кенгашининг 2023 йил фаолият якунларига бағишлангган йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, адабий танқид кенгаши – адабий жараён ривожида алоҳида ўрин тутади. Чунки адабий танқид бадиий ижоднинг барча турлари – лирик, эпик ва драматик асарларни тадқиқ этади, ютуқ ва камчиликлари юзасидан таҳлилий қарашларни билдиради.
2023 йил адабий танқид учун самарали бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий танқид кенгаши аъзолари режа асосида соҳа ривожининг муҳим масалалари, адабий танқид олдида турган долзарб муаммоларга бағишланган йиғилишлар ўтказди. Кенгаш аъзолари Ёзувчилар уюшмасига келган ўнлаб асарлар қўлёзмаларига тақризлар ёздилар. Вилоятларда ўтказилган адабиёт кунларида иштирок этдилар. Республика ёшларининг Зомин семинарида ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этиб, адабий танқид соҳасига кириб келаётган истеъдодларнинг фаолиятига баҳо бердилар. Уларга маҳорат дарслари ўтдилар. Ижод мактаблари ўқувчиларига бадиий ижод сирларидан сабоқ бердилар.
2023 йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда филология фанлари номзоди, адабиётшунос Олим Тошбоевнинг адабий жараёнга доир китоблар бўйича, филология фанлари доктори, профессор Дилрабо Қувватованинг даврий нашрлардаги адабий танқидга доир мақолалар бўйича, филология фанлари доктори, профессор Дилнавоз Юсупованинг мумтоз адабиётга доир китоблар, филология фанлари доктори, профессор Зебохон Қобилованинг даврий нашрлардаги мумтоз адабиётга доир мақолалар бўйича, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Гулрух Худоёрованинг Интернет нашрларидаги адабий танқидга доир мақолаларга оид маърузалари тингланди.
Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, замонавий адабий жараён таҳлилига доир 10 дан ортиқ китоблар, 100 дан зиёд мақолалар чоп этилган. Атоқли адиб, мунаққид ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг саккиз жилдлик асарлари адабий ҳаётимиздаги улкан ҳодиса бўлди. Замонавий адабий жараён таҳлилида Қозоқбой Йўлдошев, Сувон Мели, Абдулла Улуғов, Нурбой Жабборов, Баҳодир Карим, Узоқ Жўрақулов каби олимларимиз етакчилик қилдилар.
Республикамиздаги адабий кўзгу саналган “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Ёшлик” журналларида нашр этилган турли жанрлардаги (илмий мақола, обзор-мақола, суҳбат-мақола, адабий портрет характеридаги мақола) илмий изланишлар бадиий тафаккур кенгликларига теран назар ташлаётган адабиёт илми фидойиларининг кўз нури, қалб қўри, интеллектуал салоҳиятини намоён этган.
Юртимизда 2023 йил давомида мумтоз матнлар тадқиқига бағишланган 10 дан ортиқ монография ва рисолалар, кўплаб мақолалар чоп этилди. Улар орасида монографик планда яратилган тадқиқотлар алоҳида ўринга эга.
Бугунги замон тақозоси бўлган интернет нашрларидаги мақолалар ҳам чуқур таҳлил этилди. Бу борада аввалги йиллардагига қараганда ўсиш кузатилгани айтилди. Интернет адабиётшунослигини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Маърузачилар адабий жараён таҳлилига бағишланган китоблар ва мақолалар юзасидан таҳлилий-танқидий фикрлар билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири