Шу кунларда Навоий шаҳрида бўлиб ўтадиган “Мумтоз шеърият” фестивалида иштирок этувчи меҳмонлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига келди.
Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Нурланбек Қалибеков, Туркия Ёзарлар бирлиги раисининг ўринбосари Муҳаммет Энес Кала, İLESAM адабий ташкилоти раиси Меҳмет Нури Пармаксиз, Евроосиё Ёзарлар бирлиги раиси Ёқуб Умар ўғли ва бошқалар уюшма вакиллари томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.
– Туркий давлатлар тарихида илк бор ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги ташкил этилди, – деди ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султон Раев. – Мақсадимиз адабиёт орқали ёзувчилар, ижодкорларни, маданиятни, халқларни бир-бирига бирлаштиришдир. Кейинги йилларда Туркий давлатлар кенгаши доирасида маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликлар жадал ривожланмоқда. Бугунги ташриф ва эртанги фестивалнинг ўтказилиши ва ундаги биринчи йиғилишимиз бунинг яққол исботидир.
Қардош ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи, кутубхонаси ва Адиблар хиёбони, Миллий боғ билан яқиндан танишди. Уюшма музейида ўзбек адибларининг ҳаёти ва ижодига оид экспонатларни кўрди. Кутубхонада эса “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуаси уларда катта таассурот қолдирди.
– Инсон яхши китоб ўқиганда албатта, завқланади, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Қардош адибларимиз ушбу муҳташам 100 жилдлик асарлар мажмуасини кўриб, беҳад қувонди, ҳайратланди. Кўркам нашрнинг Ўзбекистонда чоп этилиши ҳам катта ва муҳим адабий жараёндир.
Навоий вилоятида бўлиб ўтадиган ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги йиғилишида мажмуанинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади ва келгусида қардош мамлакатларда ҳам тақдимоти уюштирилиши кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, бу каби учрашувлар, анжуманлар келгусидаги адабий алоқалари янада ривожланишига замин яратади. Адабий дўстлик ришталари бундан-да мустаҳкамланишида, янгидан-янги асарлар яратилишида ҳам аҳамиятлидир.
Меҳмонлар шунингдек, Қатағон қурбонлари музейи билан яқиндан танишди.
ЎзА