Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Act In Space халқаро хакатони: космик инновациялар йўлидаги муҳим қадам
19:31 / 2026-01-30

Бугун космик соҳа фақат илмий тадқиқотлар билан чекланиб қолмасдан, инновация, технология ва тараққиётнинг стратегик йўналишига айланиб бормоқда. Космик технологиялар иқтисодиёт, экология, қишлоқ хўжалиги, хавфсизлик ҳамда рақамли трансформация каби кўплаб соҳаларда амалий ечим сифатида қўлланилмоқда.

Тошкент ахборот технологиялари университетида ташкил этилган Act In Space халқаро хакатонининг Ўзбекистон босқичи мамлакатимиз ёшларининг космик технологиялар соҳасидаги салоҳиятини намоён этиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббус бўлди.

Тадбир Франция космик агентлиги (CNES), “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ўтказилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг халқаро космик лойиҳаларда фаол иштирок этишга тайёр экани ҳамда соҳада истиқболли ташаббусларга интилаётганини кўрсатади.

Act In Space — космик технологиялар, сунъий йўлдошлар, аэрокосмик муаммолар ва инновацион ечимларга бағишланган халқаро хакатон бўлиб, унинг асосий мақсади ёшлар орасида инновацион фикрлашни ривожлантириш, стартап ғояларни қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли талабаларни амалий лойиҳаларга жалб этишдан иборат.

[gallery-27392]

Хакатонда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 100 нафар иқтидорли талаба иштирок этмоқда. Иштирокчилар профессионал менторлар кўмагида реал космик муаммолар асосида жамоавий иш олиб бориб, қисқа муддат ичида инновацион ечимлар ишлаб чиқмоқда.

— Тошкентда илк бор ўтказилаётган Act In Space халқаро хакатони Ўзбекистоннинг глобал космик ҳамжамиятга фаол қўшилаётганининг яққол далилидир, - дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов. — Ушбу лойиҳа орқали космик технологиялар илмий доирадан чиқиб, реал ҳаёт муаммоларини ҳал этишга хизмат қилмоқда. Хакатон ёшларимизга сунъий йўлдош маълумотлари, космик мониторинг ва илғор технологиялар асосида инновацион ечимлар яратиш имконини беради.

Мусобақа якунига кўра, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган жамоалар “Ўзбеккосмос” агентлигида стажировка ўташ имкониятига эга бўлади. Биринчи ўрин соҳиблари эса Франциянинг Бордо шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро Act In Space хакатонида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Ғолиб жамоалар номи 31 январь куни эълон қилинади.

Мазкур тадбир космик технологиялар соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг илмий-техник ижодкорлигини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Камола ЮСУПОВА, Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА