Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қабул-2020: ёлғон ваъдаларга алданиб қолманг!
12:30 / 2020-07-06

Бугунги кунда олий таълимдаги ислоҳотлар туфайли соҳада коррупцияни томири билан йўқ қилишга киришилди.


Бугунги кунда олий таълимдаги ислоҳотлар туфайли соҳада коррупцияни томири билан йўқ қилишга киришилди. Биз барчамиз коррупциядан холи давлат ва жамиятни орзу қиляпмиз. Гувоҳи бўлдикки, порахўрлик, қаллоблик таълимнинг ёқасидан тутиб олган эди. Шунинг оқибатида яна қанчадан-қанча соҳалар бир-бирига коррупцион занжир билан боғланиб кетди. Бу занжир эса бутун бир авлоднинг келажагини поймол қилмасидан аввал уни парчалаб юбориш – ҳозирги энг долзарб масалалардан биридир.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтадиган ҳар бир илмий кенгаш, ҳар бир ишлаб чиқариш йиғилишида коррупцияга йўл қўймаслик, нафақат таълимнинг, аввало, ўзимизнинг келажагимизга болта урмаслик ҳақида сўз юритилди, қабул ҳамда якуний имтиҳонлар жараёни раҳбарият томонидан жиддий назоратга олинади. Талабадан бирор нима олиш тугул, шунга шамаъ қилган «педагог» дарҳол ишдан четлатилади. Университет ректори ва талабалар ўртасида ҳеч қандай «девор» йўқлиги, 24 соат «Телеграм» ва телефон мурожаатларида ўзаро мулоқотнинг доимийлигини барча талабалар тасдиқлайди. Порахўрлик, таълим сифатига оид ҳар қандай муаммо юзасидан тўғридан-тўғри ректорга мурожаат қилиш мумкинлиги ва масаланинг дарҳол ҳал қилиниши таълим даргоҳида ҳар бир жараён шаффоф ва адолатли тарзда ўтишини таъминлаётган эди. Аммо яқинда ОАВда эълон қилинган хабар университетни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларига соя солди.

Гап шундаки, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ва Яккасарой туман бўлими ходимлари, туман прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда бир «педагог»нинг жинояти фош этилди. ОАВда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси деб таништирилган Й.Ҳ. мурожаат муаллифи Рўзибоевадан ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Чирчиқ давлат педагогика институтига ўқишга олиб кириб қўйиш эвазига 4000 (тўрт минг) АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 3000 (уч минг) долларини олаётган пайтда қўлга олинган.

Шуни таъкидлаш керакки, Й.Ҳ. ушбу воқеа содир бўлишидан аввалроқ университетдан ишдан бўшаб кетган. Шунингдек, у ТошДЎТАУга эмас, Чирчиқ давлат педагогика институтига киритишни ваъда қилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қабул жараёнларида бундан кейин ҳам коррупцияга йўл қўйилмаслигига, барчаси ҳаққоний ва адолатли ўтишига кафолат беради.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бутун республикамиз бўйлаб тил ва адабиёт таълимини янги босқичга кўтариш, билимли, малакали кадрларни тайёрлашни мақсад қилган. Олийгоҳ бу мақсад йўлида оғишмай ҳаракат қилишда, университет обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракатларга чек қўйишда давом этади.

Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ Матбуот хизмати