Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Абу Муин Насафий” спектакли саҳнада
18:49 / 2024-01-11

Куни кеча Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида драматург Нафас Шодмоновнинг “Абу Муин Насафий” номли драмаси асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, режиссиёр Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Абу Муин Насафий” спектакли премьераси намойиш этилди.

Абу Муин Насафий Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия ақидавий мазҳаби уламоларининг энг машҳурларидан бўлиб, ушбу таълимотнинг ёйилишига энг кўп ҳисса қўшган зотдир. 

Ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абу Муин Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади. 

Асарда Насафийнинг ақида илмида амалга оширган хизматлари ҳақида ҳикоя қилинади. Тўғри, унинг бутун биографиясини, бой меросини битта спектаклга жойлаштириб бўлмайди. Абул Муин Насафийнинг Самарқандда кечган ҳаёти спектаклга асос қилиб олинди. Бу даврда аллома ҳам илм олган, ҳам ўзини намоён қилган. Шу даврда ўзининг ҳаётида ҳам кескин воқеалар содир бўлган. Мана шу жараёнлар спектаклда кўрсатиб беришга ҳаракат қилинди. 

[gallery-15418]

– Ислом дини тарихида Абу Муин Насафийнинг бой мероси муҳим ўрин тутади, – дейди сценарий муаллифи Нафас Шодмонов. – У кишини соф эътиқод, ақидавий тушунчаларда бирлик, мафкуравий бирлик масаласида курашган, керак бўлса бу жараёнда борини фидо қилган аллома сифатида биламиз. Ўша пайтда мазҳаблар, оқимлар, сиёсий кучлар ғояларини илгари суриб, юрт талош, эл талош деган бир ҳаракатлар вужудга келган. Мана шундай пайтда халқнинг бирлигини, кучини сақлашга қаратилган жуда катта хизматни қилган Абу Муин Насафий. Аллома тутган йўл Абу Мансур Мотуридий томонидан илгари сурилган ва у кишидан кейин яна тортишувлар, ҳар хил оқимларнинг хуружлари бошланган. Катта йўқотишлар ҳам бўлган. Мана шундай бир пайтда Абу Муин Насафий каби алломанинг асарларига эҳтиёж бор эди. 

Маълумот учун: мамлакатимиз раҳбари вилоятга ташриф буюрган пайтларда ҳар гал Абу Муин Насафийнинг мақбарасини зиёрат қилиб, у кишини эъзозлаб, ҳурматлаб гапирган, алломанинг халқимиз тасаввурида бир сиймосини яратиш масаласи қўйилганди. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари