Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида рақамли ва жисмоний мусобақаларни бирлаштирган фижитал спорт турлари бўйича ўтаётган “Келажак ўйинлари” халқаро турнирида Ўзбекистон спортчилари фижитал баскетбол (3х3) ва фижитал-рақс дастурларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Кеча “Келажак ўйинлари” халқаро турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда таъкидланганидек, ақлий ва жисмоний кучларни бир майдонга жам этган ўйинларда 141 та жамоанинг 500 нафарга яқин вакиллари фижитал спортнинг 11 та йўналишида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон баскетбол жамоаси қуръа натижасига кўра, ўйинларнинг “Б” гуруҳида “PBC Astana”, “Bad Boys” ва Москва жамоалари билан жой олган.

Ўйинларнинг фижитал-рақс йўналишидаги мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Стелла Мкртичева 4-гуруҳдан ўрин олган бўлиб, ўз гуруҳида етакчи бўлишга интилади.
Умумий мукофот жамғармаси 5 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган “Келажак ўйинлари”нинг йўналишлар бўйича мусобақаларига бугундан расман старт берилган бўлса, ўзбекистонлик спортчилар иштирок этаётган баскетбол баҳсларининг саралаш мусобақалари бугун, 19 декабрь куни, 1/8 финал босқичи 20 декабрь, 1/4 финал 21 декабрь ҳамда ярим финал ва финал ўйинлари 22-23 декабрь кунлари ташкил этилади.

Ҳамюртимиз Стелла Мкртичева қатнашаётган фижитал-рақс мусобақалари 21 декабрь куни бўлиб ўтади.
Олдинда шиддатли ўйинлар, қизиқарли тўқнашувлар, спорт ва рақамли технологияларни жамлаган мусобақаларнинг глобал миқёсдаги намойиши кутиб турибди.
Т.Рўзиев, ЎзА