Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Abu Dhabi Chess Festival 2024” турнирининг кеча ўтказилган 6-тур мусобақалари шахматчиларимиз учун омадли бўлди.
Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган 11 нафар шахматчимизнинг 7 нафари ғалабага эришган бўлса, 3 нафари дуранг қайд этди.
Нуфузли турнирнинг марказий учрашувларидан бири сифатида кўрилган Нодирбек Ёқуббоев ва Абдумалик Абдусалимов учрашувида Ёқуббоевнинг қўли баланд келди. Маҳоратли шахматчиларимиздан шунингдек, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Саидакбар Саидалиев, Афрўза Ҳамдамова, Ортиқ Неъматов, Ҳумоюн Бекмуродов рақибларини таслим этди. Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Баҳром Бахриллаев дурангга эришди.
Бугун, 22 август куни бошланиши кутилаётган 7-тур остонасида турнир жадвалида 7 нафар шахматчи 5 очко билан етакчилик қилмоқда. Улар орасидан жой олган Нодирбек Ёқуббоев кўрсаткичлар эвазига 217 нафар шахматчи орасида 2-ўринни эгаллаб турибди. Шамсиддин Воҳидов 7-ўриндан жой эгаллаган. 8-поғонада бораётган Жавоҳир Синдоров ҳисобида 4,5 очко мавжуд.
Иқтидорли шахматчиларимиздан Ортиқ Неъматов, Абдумалик Абдусалимов, Ҳумоюн Бекмуродов, Саидакбар Саидалиевлар 27 нафар шахматчи қаторида 4 очко жамғарган.
Бугун ўтказиладиган 7-турда ғолибликка асосий даъвогарлар куч синашади. Хусусан, ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда турнирда 3-ўринда бораётган ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган Давид Паравянга қарши дона суради. Шамсиддин Воҳидов ҳам қора доналарда ҳиндистонлик Пранав билан, Синдоров бўлса оқ доналарда яна бир ҳинд шахматчиси Луке Мендонка билан рўбарў келади. Турнир жадвалида етакчилик қилаётган россиялик Володар Мурзин 6-ўриндан жой эгаллаган ҳиндистонлик Раунак Садхвани билан куч синашади.
“Abu Dhabi Chess Festival 2024” мусобақасининг сўнгги тур баҳслари 24 август куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА