Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абу Али ибн Сино ва замонавий тиббиёт
15:18 / 2019-09-22

Бухорода анъанавий Ибн Сино ўқишлари мақомида бўлиб ўтган икки кунлик халқаро илмий-амалий анжуман шу мавзуга бағишланди.


Бухорода анъанавий Ибн Сино ўқишлари мақомида бўлиб ўтган икки кунлик халқаро илмий-амалий анжуман шу мавзуга бағишланди.

Абу Али ибн Сино жамоат фонди, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Германия, Россия, Исроил, Бангладеш, Тожикистон, Қирғизистон, Ҳиндистон каби мамлакатлардан тиббиёт соҳасининг етакчи олимлари ва мутахассислари қатнашди.

Анжуман иштирокчилари даставвал буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино таваллуд топган Пешкў туманидаги Афшона қишлоғида бўлиб, унинг ҳайкали пойига гулдасталар қўйди. Ибн Сино музейи билан ҳам танишди.

Ўзбекистон замини жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган. Абу Али ибн Сино шундай зотлардан бири. Дунёда беназир қомусий олим сифатида танилган бу алломани тиббиёт илмининг султони, деб билишади.

Маълумотларга қараганда даҳо аждодимиз турли фанларга тааллуқли 450 дан зиёд, жумладан тиббиётга оид 43 та асар яратган. Аммо уларнинг атиги 160 таси бизгача етиб келган.Тиббиётга оид асарларининг энг машҳури беш китобдан иборат “Тиб қонунлари”дир. Бу асар қарийб 8 аср мобайнида Европадаги университетларда тиббиёт таълими йўналишида дарслик сифатида ўқитилиб келинган.

“Тиб қонунлари” яратилганига неча юз йиллаб вақт ўтганига қарамай, ҳозирда ҳам улкан илмий ва амалий аҳамиятга эга. У бугунги тиббиётнинг исталган соҳаси учун ўзига хос қўлланма ҳисобланади.

– Фондимиз улуғ бобокалонимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлида самарали фаолият юритмоқда,– дейди Абу Али ибн Сино жамоат фонди директори Нозимхон Маҳмудов. – Биз мамлакатимиз тарихчи ва шарқшунос олимлари, бошқа илмий муассасалар билан бир қаторда Эрон, Туркия, Франция, Ҳиндистон, Исроил каби давлатларда Ибн Сино меросини тадқиқ этаётган турли фондлар ҳамда тузилмалар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Бу борада албатта тажриба алмашиш, ечимини кутаётган долзарб вазифаларни биргаликда ҳал этиш йўлларини излаш жуда муҳим. Мазкур халқаро анжуман айни шу мақсадга хизмат қилади.

Илмий-амалий конференциянинг ялпи йиғилишида Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси Президенти профессор Саид Зиллур Рахмен, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори А.Иноятов, россиялик жарроҳ С.Маркадеев, Исроилдаги Абу Али ибн Сино халқаро фонди президенти М.Сач,Тошкент давлат тиббиёт академияси профессори С.Аслонова ва бошқаларнинг чиқишлари буюк аждодимизнинг замонавий тиббиётга қўшган ҳиссаси ва замонавий тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланди.

“Тиб қонунлари”– бебаҳо асар. У барча замонларда долзарбдир. Масалан, унинг иккинчи китобини ҳозирги замон ички касалликларини пропедевтикаси дарслигига тенглаштиришлари бежиз эмас. Ёки буюк ҳаким томонидан ишлаб чиқилган 800 та доривор ўсимликдан дори препаратлари тайёрлаш усуллари ҳозирда ҳам деярли амалда.

Анжуманда Абу Али ибн Сино талқинидаги сакта яъни мияга қон қуйилиши касаллиги, унинг замонавий диагностикаси ва даволаш усуллари, кўриш органининг томир атеросклерозини ташхислашнинг замонавий жиҳатлари ва улуғ алломанинг офтальмология ривожига қўшган ҳиссаси, сурункали гепатитлар диетотерапиясида парҳез, юз фалажини даволашда Ибн Сино тавсиялари, унинг таълимотида ароматотерапия каби масалалар ҳам диққат эътиборда бўлди.

– Бизда улуғ аждодларингиз меросига, жумладан Европада Авиценна номи билан машҳур ҳакимлар султони асарларига қизиқиш катта,– дейди Ҳиндистондаги Абу Али ибн Сино академияси президенти, Алигарх ислом университети профессори Саид Зуллур Рахмен. – “Тиб қонунлари”га олимлар қайта- қайта мурожаат қилишади. Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим.Академиямизда иккита кутубхона бўлиб, уларда Ибн Синонинг турли даврларда кўчирилган қўлёзмалари ва нашр қилинган асарлари, шунингдек, бу даҳо аллома ҳаёти ва китоблари ҳақида босилган бир неча минг журналлар сақланиб келинмоқда. Бу катта бойликдан талабалар, тадқиқотчилар фойдаланмоқда.

Ялпи йиғилишдан сўнг халқаро анжуман “Халқ табобати”, “Фармацевтика” ва Соғлом турмуш тарзи” шўъбаларида ўз ишини давом эттирди.

Халқаро анжуман доирасида мамлакатимиз етакчи шифокорлари ва уларнингхорижий ҳамкасблари вилоят марказидаги қатор даволаш муассасаларида бўлиб, беморларга текин маслаҳатлар бериш баробарида ёш шифокорларга маҳорат дарслари ҳам ўтишди. Бу анжуманнинг амалий жиҳатларидан бири бўлди.

Анжуманда Абу Али ибн Сино жамоат фонди қошида ташкил этилган илмий гуруҳ томонидан улуғ аждодимиз қаламига мансуб қатор асарлар араб тилидан таржима қилиниб, нашрга тайёрлангани таъкидланди. Абу Али ибн Сино китобларига оид 5 та тилда терминологик луғат ҳам чоп этишга тахт. Аммо уларни нашр этиш учун маблағ йўқ. Келгуси йил Абу Али ибн Сино таваллудига 1040 йил тўлади. Шу санага бағишланган Ибн Синошуносларнинг биринчи халқаро конгресси ўтказилиши кўзда тутилган. Агар жамоат фонди ташаббуси билан тайёрланган асарлар чоп этилса, буюк бобокалонимиз таваллуд санасига муносиб тўёна бўлар эди.

photo_2019-09-22_15-21-57.jpg

photo_2019-09-22_15-21-59.jpg

photo_2019-09-22_15-21-58 (2).jpg