French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абитуриентларда ўйлаб олиш учун 15 кун вақт бор
13:12 / 2025-07-23

Бугун юртимиз бўйлаб 2025-2026 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бошланган тест синовларининг охирги куни.

Ушбу жараён Навоий вилоятида ҳам уюшқоқлик билан олиб борилди. Жорий йилда олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига 32 минг 335 нафар абитуриентлар ҳужжат топширди. Тест имтиҳонлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлимининг янги биноси ҳамда “Кимёгар” ўйингоҳининг спорт залида ўтказилди. 

– Тест синовлари бўлиб ўтаётган мазкур биноларда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шароит ва қулайликлар яратилган, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Нурхон Бекниёзов. – Бинолар совитиш мосламалари билан жиҳозланган, абитуриентлар вақтни кузатиб бориши учун катта ҳажмли электрон соатлар ўрнатилган. Фарзандларини кутаётган ота-оналар учун 20-умумтаълим мактабида жараёнларни бевосита кузатиб бориши учун катта экранли телевизор ва мониторлар билан жиҳозланган махсус кутиш жойлари ташкил этилган.  

Шу кунга қадар бўлиб ўтган тест синовларида ҳужжат топширган абитуриентларнинг 29 минг 700 нафаридан 27 минг 832 нафари иштирок этди. Абитуриентларнинг 1869 нафари турли сабабларга кўра тестга келишмаган бўлса, 3 нафари тест синовлари жараёнида четлаштирилди. Улардан 2 нафари бошқалар ўрнига кирмоқчи бўлган, 1 нафари эса тест материалларини ўз вақтида топширмаган.

Тест жараёнларининг сўнгги куни 1-навбатида эса қатнашиши лозим бўлган 1650 нафар абитуриентдан 69 нафари иштирок этмади. 

– Бу йил мактабни тугатиб, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган эдим, – дейди Нилуфар Боймуродова. – Билимимни янада мустаҳкамлаш учун қўшимча дарсларга ҳам қатнадим. Бу ўз самарасини берди, деб ўйлайман. Чунки инлиз ва она тилидан юз фоизлик натижа берувчи сертификатларни қўлга киритдим. Бугун қўшимча фанлар – математика ва тарих фанларидан тест топширдим. Математика фанидан қийналмадим, лекин тарих фанидан берилган саволларга анча бош қотиришимга тўғри келди. Шунга қарамай кўпроқ тўғри жавобларни топдим, деб ўйлайман. Мақсадим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кириш. Талаба бўлишимга ишонаман. 

Маълумки, ўтган йилдан бошлаб қабул жараёнлари “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ икки босқичда амалга оширила бошлаган эди. Бу йил ҳам тест синовлари Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига кўра, икки босқичда амалга оширилмоқда. 

Биринчи босқичда абитуриентлар тест синовини топшириш учун рўйхатдан ўтиб, фақат фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлашган эди. 

Иккинчи босқичда эса абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Хуллас, энди абитуриентда ўйлаб олиш учун 15 кун вақт бор.

А.Бўриев, ЎзА мухбири