Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абитуриентлар учун тест синовлари бошланди
14:31 / 2025-07-14

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида абитуриентлар олий ўқув муассасаларининг бакалавриат босқичига кириш бўйича тест синовларини топширди.

Кейинги йилларда миллий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида ёшларимизда билим олишга бўлган иштиёқ ва қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Айни пайтда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида янги-янги олий таълим масканлари, университетларнинг ташкил этилаётгани меҳнат бозори учун юқори малакали ва рақобатбардош кадрларни етказиб беришда, ёшларнинг олий таълим олишга бўлган орзу-иштиёқини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.

[gallery-24297]

Эрта тонгданоқ “Ўзэкспомарказ” мажмуаси тест топшириш учун келган ёшлар билан гавжум бўлди. Мазкур мажмуа павильонларида тест синовлари тартибли, белгиланган талаб ва қоидаларга тўлиқ амал қилган ҳолда ташкил этилди. Соат тўққиздаёқ кўплаб йигит-қизлар тест синовларини топшириб чиққанлари, уларнинг юқори билим ва салоҳиятини кўрсатади, десак янглишмаган бўламиз. 

–Бухоро вилоятидаги “Karakul international School” мактабида таҳсил олганман, – деди Севинч Қосимова. – Асосан математика ва ҳуқуқ фанидан тест синовларини ишладим. Она тили, тарих, инглиз тилидан сертификатларим бор. Тест жараёнида сира қийналганим йўқ.   

Гулираъно Аҳмаджонова Самарқанд шаҳридаги 28-мактабнинг 11-синфини тамомлаган. 

– Асосий фанлардан тушган саволларга билганимча жавоб бердим, – деди Гулираъно. – Ҳуқуқ фанидан кўпроқ миллий қонунчилигимиз бўйича саволлар тушди. Қўшимча машғулотларга қатнаганим мен учун фойдали бўлди. 

– Тестларни осон ишладим, – деди Тошкент шаҳридаги 96-мактаб битирувчиси Элбек Абдумуталов. – Кимки фанларни пухта ўзлаштирса, тест саволларига қийналмасдан жавоб топиши мумкин. Умуман олганда, тест синовлари белгиланган қоидаларга мос тарзда ўтди. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилги қабулда жами 671 минг 397 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди ва уларнинг 670 минг 454 нафари жорий йилги тест синовларида иштирок этади. 

Қолган 943 нафар абитуриент фақат миллий ёки хорижий сертификати асосида танловда иштирок этадиган, тўғридан-тўғри тавсия этиладиган ҳарбий хизматчилар фарзандлари ва Президент мактаблари битирувчилари ҳисобланади.

Тест синовларини ўтказиш учун республика бўйича жами 65 та катта сиғимли бино тайёрланди. Бунда, бир сменада 35 минг 70 нафар, бир кунда (икки сменада) эса 70 минг 140 нафар тест синовида иштирок этадиган абитуриентлар учун жойлар тайёрланди. 

Тест синовларининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчиликдан 3 минг нафардан ортиқ номзод гуруҳ назоратчиси сифатида саралаб олинди. Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларни сурдотаржимон хизматлари билан таъминлаш мақсадида 100 нафарга яқин сурдотаржимон билан шартнома тузилди.

Тест синовлари Давлат комиссиясининг баёни билан жорий йилнинг 14 июлидан бошлаб (10 кун давомида кунлик икки сменада –  биринчи смена 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи смена 15:00 дан 18:00 гача) ўтказилиши белгиланди.

–Бугун 14 июль куни мамлакатимиз бўйлаб тест синовлари бошланди ва бу жараён 23 июлга қадар давом этади, – деди  Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директорининг маслаҳатчиси Жавлонбек Нурматов. – Жараёнда ўтган йилгидан фарқлар деярли йўқ. Сабаби, Президентимизнинг тегишли фармони асосида абитуриентлар дастлаб тест топширади. Олган балларига қараб, кейин қайси йўналишга кучи етишини кўриб, билим ва салоҳиятига қараб, иккинчи босқичда бештагача олий ўқув юртини танлаш имконига эга. Яъни, ёшлар олган балларидан келиб чиқиб, ўз йўналиши бўйича тегишли олий ўқув юртларини танлаш имконига эга бўладилар. 

Назокат Усмонова, 

Носиржон Ҳайдаров (сурат), 

ЎзА мухбирлари