АОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов 2022/2023 ўқув йилида магистратурага қабул жараёнлари натижалари бўйича маълумот берди.
Таъкидланишича, бу йилги қабул янги тартибда, яъни талабгорнинг хорижий тил сертификати ва ўқиш давомида тўплаган ўртача бали кўрсаткичи асосида бўлиб ўтди – абитуриент магистратурага инсон омилисиз қабул қилинди.
Магистратурага бу йилги қабул квотаси 16 минг 933 та бўлиб, 10 минг 31 та ҳужжат топширилди. Шундан жами қабул қилинган аризалар сони 5 минг 219 тани ташкил этди.
Айни дамда қабул квотаси тўлмаган. Буни ҳужжат топширган талабгорлардаги мавжуд хорижий тил сертификатлари билан изоҳлаш ўринли. Янги тартибга кўра, бу йилдан магистратурага қабул бир йилда 2 маротаба амалга оширилади, яъни январь ойида бўш ўринларга яна конкурс ташкил этилади.
– Ўтган йили магистратурага ҳужжат топширганлар орасида 768 нафарининг хорижий тил сертификати мавжуд бўлган бўлса, бу йил уларнинг сони 4582 нафарни ташкил этди – қарийб 7 баробарга ортди. Бу рақамлардан январда бўлиб ўтадиган қабулда квота тўлиқ қопланишини прогноз қилиш қийин эмас, – дейди М.Ибодов. – Ўтган ўқув йилида магистратура учун 2 баравардан кўп талабгор қабул қилинган (12 минг 900 та қабул квотасига 29 минг нафар талабгор). Бу ўз навбатида ижтимоий тармоқларда турли экспертлар томонидан билдирилаётган “янги тартиб илмий фаолият билан шуғулланаётганлар сонининг камайиб кетишига сабаб бўлади” деган важларига ҳам асосли жавоб бўла олади.
Бу йилги магистратура қабулида янги талаблар қўйилиши билан бир қаторда имтиёзларга ҳам катта эътибор қаратилган. Жумладан, рўйхатдан ўтган 5219 та талабгорнинг 4582 таси хорижий тил сертификатига эга. 637 нафар талабгор эса, танловда иштирок этмайдиган турли имтиёзга эга бўлганлардир. Шундан 296 таси давлат стипендиантлари, 159 таси кимё, биология ва информатика йўналишлари бўйича имтиёз соҳиблари, 12 таси эса кимё, биология, физика ва информатика фан олимпиадалари ғолиблари саналади. 170 таси кўзи ожизлар тоифасига кирувчи аъло баҳоларга ўқиган битирувчилардир.
Муҳими, бу йилги магистратурага қабуллар аввалгиларидан фарқли ўлароқ адолат мезонлари, баллар учун эмас, билим учун кураш асосида бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда билдирилган жавоблар жуда кеч эълон қилинганига оид айрим эътирозларга ҳам бирифингда муносабат билдириб ўтилди. Таъкидланишича, топширилган жами ҳужжатлар ҳақиқийлиги қайта-қайта текширилиб, аниқлик киритилгани бунга сабаб бўлган.
М.Қосимова, ЎзА