Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти мусиқа санъатимизни янада ривожлантиришдек мақсад йўлида ташкил этилган олий ўқув даргоҳи саналади.
Мазкур олийгоҳда Озодбек Назарбеков билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда қайд этилганидек, таълимдаги ислоҳотлар жараёни унинг барча босқичига, хусусан, олий таълимда ҳам қатор қулайликларни юзага келтирди. Биргина абитуриентлар учун, бир эмас, танлаган йўналиши мавжуд бўлган 5 та олий таълим даргоҳига ҳужжат топшириш, кириш имтиҳонларидан сўнг энг юқори балл тўплаган олий таълим муассасасида ўқиш имконияти яратилди. Бу эса юксак малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим қадам бўлди.
Шу маънода Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида абитуриентлар билан олий таълим тизимидаги имтиёзлар, имкониятлар, абитуриентлик даври масъулияти хусусида ўтказилган мулоқот жуда қизғин кечди.

Санъатга қизиқувчан ёшларга талабалик бахтига мушарраф бўлганларидан сўнг билишлари керак бўлган жиҳатлар, умуман, бу олий таълим даргоҳида таҳсил олишнинг машаққатларию завқли томонлари ҳақида учрашувда мулоҳаза юритилди.
Абитуриентлар томонидан билдирилган фикрлар ва ўртага ташланган саволлар уларнинг ўзлари танлаган олий таълим муассасаси ҳақида муайян маълумотга эга эканлигини, синовга тайёргарлик салоҳияти юқорилигини кўрсатди.
Учрашувда олий таълим муассасаси қабул комиссияси аъзолари билан институтнинг бакалавриат босқичига 2022/2023 ўқув йили учун қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, абитуриентларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бериш каби масалалар юзасидан фикр алмашинилди.

- Қабул комиссиясининг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, вазифасини сидқидилдан, виждонан адо этмоғи шарт, - деди О.Назарбеков. - Зотан, бўлажак талабаларнинг ушбу илм даргоҳи ҳақидаги илк таассуротлари қандай бўлиши айни шу жиҳатларга боғлиқдир.
Таҳлилларга кўра, мазкур олий таълим даргоҳига 508 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Демакки, шунча йигит-қиз ўз келажагини санъат билан боғлашга қарор қилган. Бу, албатта, қувонарли.
Абитуриентлар билан учрашув самимий руҳда ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА