Абитуриент: билимдон ёшлар ҳаётда панд емаслиги аниқ!
Бу ёғига абитуриентлар мавзуси қизигандан-қизийди.
Бу ёғига абитуриентлар мавзуси қизигандан-қизийди. Улар ўзлари истаган олий таълим даргоҳига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш жараёнидан қандай ўтганлари ўзларига аён. Шунда ҳам ахборот технологияларини мукаммал билган ёшлар уддабуронлиги туфайли анчагина даромад ҳам топишди, бу сир эмас... Ҳа, ҳа, ўша ҳужжат топшириш жараёнини пулга интернет кафелари орқали амалга оширгани қанча бўлди? Замонавий билимни эгаллаган ёшлар эса уйидан туриб бу юмушни бир ҳаракатида бажарди. Демак, компьютер сабоқлари айни пандемия вазиятида об-ҳаводек зарур. Билимдон ёшлар эса ҳаётда панд емаслиги аниқ. Хуллас, ОТМларга ўқишга кириши учун ҳужжат топшириш жараёнини ким онлайн тарзда, ким Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширди.

Республика бўйича 8 та ДХМга, Навоий вилоятида эса Конимех ва Томди туманининг олис чўл ҳудудида истиқомат қиладиган ёшлар учун туман Давлат хизматлари марказлари орқали ОТМларга ҳужжат топшириш имконияти берилди. Конимех туманида роппа-роса бир ой давомида 657 нафар абитуриент марказ хизматидан бепул фойдаланди. Томди туманидан эса 96 нафар йигит қиз ўз ҳужжатларини марказ орқали топширишди. Ҳар иккала ҳудуднинг олис овулларидан 753 нафар абитуриент ўз тақдирини марказ ҳаётига боғлади. Боиси узоқ ҳудудларда интернет имкониятлари чекланган. Аммо, замонавий қурилган марказларда бор-йўғи икки ҳужжат билан 10 дақиқа кифоя. Булар фуқаролик паспорти билан умумтаълим мактабини тамомлаганлиги ҳақидаги ҳужжат, холос. Айтмоқчи, Конимех тумани ҳокимлиги 40 нафар хотин-қизга ўқишга кириш учун квоталар ажратди. Туман бўйича 29 нафар абитуриент худди шундай имтиёзга эга. Бу ёғи эса омадли абитуриентнинг тақдирига боғлиқ.
Фаррух Рўзиев,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи