Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абэга суиқасд, Байденнинг Яқин Шарққа сафари ва евро-доллар...
21:23 / 2022-07-15

Жумадан-жумагача. Ҳафта таҳлили

Ўтаётган ҳафтада жаҳон ҳамжамияти диққат-эътибори Японияга қаратилди. Дунё миқёсида кўзга кўринган таниқли сиёсатчи, собиқ Бош вазир Синдзо Абэ террор қурбони бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъзияномасида “Жаноб Абэнинг стратегик дастурлари ва инновацион ташаббуслари Япониянинг барқарор ривожланишига, мамлакатнинг халқаро муносабатлар ва жаҳон иқтисодиёти тизимидаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилгани” қайд этилган.

Япония матбуоти хабарига кўра, марҳум шаънига бундай самимий сўзлар битилган таъзиянома дунёнинг кўплаб мамлакатлари етакчилари томонидан йўлланган.

Абэ 2006 йил 52 ёшида Япония Бош вазири этиб сайланди, бу лавозимга ўтирган энг ёш сиёсатчи сифатида тарихга кирди. Орадаги танаффус билан у тўрт муддат, яъни жами саккиз йил-у саккиз ой Вазирлар Маҳкамасини бошқарди.

Синдзога сиёсий карьера бобосидан мерос, дейишади. Унинг бобоси Нобусукэ Киси 1957-1960 йилларда Япония ҳукуматига раислик қилган. Айнан ўша даврда АҚШ ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик ва хавфсизлик кафолати қайта кўриб чиқилган. Отаси Синтаро Абэ эса либерал-демократик партия раҳбари, 1982-1986 йилларда ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.

Собиқ Бош вазирни ўнг қанот консерватор, деб аташ мумкин. Ҳатто, у Иккинчи жаҳон урушида содир этилган аксарият ҳарбий жиноятларни инкор этувчи консерватив нодавлат “Nippon Kaygi” ташкилотига аъзо эди.

Абэнинг иқтисодиётни кўтариб, Японияни дунё миқёсида энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқишдаги хизматлари кўп ёзилди.

Япония ва дунё матбуоти Абэ суиқасд натижасида вафот этганини эътироф этди, аммо у қандай қилиб террор қурбони бўлди, нега уни яхши қўриқлай олишмади сингари саволлар кенг муҳокамага йўл очди.

Дастлаб марҳумнинг хавфсизлик хизмати бир неча хатога йўл қўйгани айтилди. Собиқ ҳарбий денгизчи сиёсатчига яқин келиб, уни орқа курагидан қўлбола милтиқдан отди. Терговчиларга “мен Абэнинг юритаётган сиёсатидан норози эдим, шунинг учун уни ўлдирдим”, деди совуққонлик билан.

Қўриқлаш режаси пухта ишлаб чиқилмаган, деган танқидий фикр ҳам билдирилмоқда. Сиёсатчининг яқин ва узоқ атрофида фуқаро кийимида қўриқловчилар жойлаштирилиши, нутқ сўзланаётган пайтда эса омма тўлиқ кузатув остида бўлиши шарт эди. 5-10 метр доирада ҳеч кимни яқинлаштирмаслик шарти қўлланилмади. Митинг майдонига омманинг текширувсиз киритилгани асосий айб, дейилмоқда. Тансоқчилар Абэга енгил турдаги темир қалқон кийдиришлари лозим эди...

Қисмати шундай битилган экан.

ХХХ

АҚШ Президенти Жо Байден 13-16 июль кунлари лавозимида иш бошлагандан бери Яқин Шарққа илк сафарини амалга оширмоқда. Хориж таҳлилчилари тадбирлар ярим муваффақиятли ўтишини башорат қиляпти. Сафар олдидан Оқ уй мулозимлари турли нашрларга Исроил, Саудия Арабистон ва Фаластин раҳбарлари билан музокара чоғида Россия - Украина инқирози муҳокама қилиниши билан бирга Саудия ва минтақанинг бошқа мамлакатларида нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш масаласи ҳам кўтарилиши тўғрисида хабар бердилар.

Америка раҳбари самолёти аввал Қуддусга етиб келди. Давлат протоколи қоидаларига зид равишда Исроил Президенти ва Бош вазир шахсан аэропортда ҳозир бўлди. Байденнинг учоқдан инар-инмас, “АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлашда қатъий. Бугун икки давлат ўртасидаги муносабат ҳар қачонгидан мустаҳкам”, деган баёнотига Яир Лапид “Бугун Исроилнинг энг яхши дўстларидан бири АҚШ”, дея илтифот кўрсатди.

Музокара якунида томонлар АҚШ ва Исроил ўртасидаги кўп йиллик хавфсизлик муносабатини кенгайтирувчи стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Бу ҳужжатнинг асосий мазмуни Эрон ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймаслик мажбуриятини белгилайди. Декларация, шунингдек, АҚШ 38 миллиард долларлик тарихий меморандум шартини тўлиқ бажариши мажбуриятини ҳам ўз ичига олган.

Шарқий Қуддусда Байденнинг Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат тафсилотига берилмасдан олдин икки давлат ўртасидаги муносабат Дональд Трамп пайтида ёмонлашганини қайд этиб ўтиш лозим. АҚШ ташқи сиёсий тамойилига қарши Америка элчихонаси пойтахт Тель-Авивдан Қуддус шаҳрига кўчирилган, Шарқий Қуддусдаги АҚШ консулхонаси ёпилганди. Шу билан бирга фаластинликларга молиявий ёрдамни бутунлай тўхтатиш қарорини олган эди.

Байден ўз олдига ушбу совуқ муносабатни илитиш мақсадини қўйиб йўлга чиқди. Фаластин фуқаролар жамияти вакиллари билан соғлиқни сақлаш мавзусидаги тадбирда иштирок этди. Шунингдек, фаластинликларга илгари музлатиб қўйилган 500 миллион долларлик ёрдам маблағи тикланиши бўйича ваъда берди.

Қўшма Штатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам ишларини ташкил этиш учун 200 миллион доллар ажратганини эълон қилди. Шунингдек, Шарқий Қуддусдаги Фаластин касалхоналари тармоғига 100 миллион доллар берилишини билдирди.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Маҳмуд Аббос музокарадан мамнунлигини сездириб қўйди. У матбуот анжуманида мавқедошига миннатдорлик билдириб, Шарқий Қуддусдаги АҚШ консулхонасини қайта очиш, шунингдек, Вашингтонда Фаластин ваколатхонаси фаолиятини йўлга қўйишга рухсат сўради.

Шу билан бирга Аббос Фаластин Озодлик ташкилотини террорчи гуруҳлар рўйхатидан чиқаришга чақирди.

Исроил матбуоти фаластинликлар Америка томонига Фаластин - Исроил мулоқотида Американи фаолликка чорлаши, Фаластин Озодлик ташкилотига бир неча ўн йил аввал ёпиштирилган террорчи ёрлиғини олиб ташлашга кўмаклашиши талаби билан чиққани каби бир қатор шикоят-мурожаат қилганини ёзган.

Жо Байденни эртага Жиддада сермаҳсул учрашувлар кутмоқда. У Саудия Арабистони сафарига ҳам катта умид боғлаган. Президент араблар олдида ўзини айбдор ҳис қилади, чунки Байден сайлов кампанияси даврида журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги фожиавий ўлими ҳақида кескин баёнот бериб, бу мамлакатда инсон ҳуқуқи топталмоқда, дея Саудияни дунё кўзи ўнгида шармандасини чиқаражагини айтганди. Бу воқеада валиаҳд Муҳаммад Бин Салмон Ол Саудни айбдор деб атаган эди.

Валиаҳднинг Трамп билан алоқаси жуда яхши эди. Байден эса у билан илк бор учрашади. Сафарга тайёргарлик жараёнида АҚШ Президенти дастурида валиаҳд билан учрашув бўлмайди, дея хабар тарқатилган бўлса, кейинчалик у тўғриланиб, Байдан - Салмон ўзаро кўришиб олади, дейилди.

Саудия Арабистони минтақанинг муҳим давлатларидан бири. Янада яхши хабар - кейинги йилларда Исроилга қарши кескин чиқишлар тўхтаган. Шу сабаб Американинг, оз бўлса-да, муҳаббатига сазовор бўлмоқда.

Байден Ар-Риёдга нефть қазиб олишни кўпайтириш масаласини қўйиши кутилмоқда. Саудия бу ишда ёлғиз қарор чиқара олмаслиги аниқ, чунки ОПЕК (Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) билан келишмасдан бу ишга киришолмайди.

Хуллас, икки давлат орасидаги муз эриши кутиляпти. Зеро, Байден Жиддада Саудиядан ташқари Қувайт, Қатар, Ўмон, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Миср, Иордания ва Ироқни ўз ичига олган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши саммитида ҳам иштирок этади. Йиғилишда хавфсизлик масаласидан ташқари энергетика соҳасида умумий мақсадлар ишлаб чиқиш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва Украина инқирози муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Америка Саудия сафаридан фойдаланиб, Исроил учун ҳаво чегараларини очиб беришни сўрамоқчи. Бу иш муваффақиятли амалга ошса, Исроил самолётлари Ҳиндистонга ва Осиёнинг бошқа давлатларига парвоз қилиши осонлашарди.

Х Х Х

Бу ҳафта дунё молия-валюта майдонида оламшумул воқеа рўй берди: 20 йил деганда биринчи марта евро ва доллар ўртасидаги айирбошлашда тенглик юзага келди.

12 июлга келиб, евро 1 долларга тенглашди, йил бошидан ЕИ валютаси қиймати 12 фоиз пасайгани кузатилди. Хориж иқтисодий таҳлилчилари буни Украинадаги вазият билан боғламоқда, энергетика ресурсларини етказиб беришдаги муаммо билан асосламоқда.

Европа Иттифоқи 2022 йил бошигача 40 фоиз газни Россия қувури орқали олар эди. Энди европаликлар рус гази ва нефтидан воз кечмоқчи. Бундан ташқари Москва ЕИнинг айрим давлатларига газ етказиб беришни сезиларли даражада қисқартирди. Яқинда Германияга “Шимолий қувур” орқали етказиб берилаётган газ 60 фоиз камайди.

Энергетикадаги инқироз умумиқтисодий ўсиш пасайишига олиб келди. Жазирама ёз ҳам ўтмоқда. Ҳадемай, куз ҳам келади, совуқ кунлар бошланади. Кузгача жўжаларни санаб олиш лозим...

Хабарлашгунча!

Аброр ҒУЛОМОВ, ЎзА