Лондондаги “Emirates Stadium” мажмуасида ўтаётган “XTX Markets London Chess Classic" турнирида кетма-кет бешта турда ғалаба қозонган Нодирбек Абдусатторов 5,5 очко билан етакчиликни мустаҳкамлаб олди.
Кеча ўтказилган 6-тур баҳсида қора доналарда ҳаракатланган Абдусатторов америкалик Сэм Шенклендни мағлубиятга учратди.

Мукофот жамғармаси 50 минг фунт стерлингдан иборат турнирда биринчи рақам остида таснифланган франциялик Алиреза Фирузджа ушбу турда америкалик Абҳиманю Мишра билан дурангга эришди ва 4 очко билан 2-ўринни мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.

Айтиш лозим, маҳоратли шахматчимиз турнирнинг илк турида англиялик Гавейн Маророа Жонс билан дуранг ўйнаган бўлса, кейинги 5 та турда АҚШ вакили Абҳиманю Мишра, Англия шарафини ҳимоя қилаётган россиялик Никита Витюгов, 54 ёшли Буюк Британия чемпиони Майкл Адамс, кеча шунингдек, АҚШ чемпиони Сэм Шенклендни таслим этди.
Бугун, 2 декабрь куни ўтказиладиган 7-тур мусобақасида ҳамюртимиз Н.Абдусатторов англиялик Люк Мак Шейн билан рўбарў келади. Ушбу турда Нодирбек оқ, рақиби қора доналарда ҳаракатланади.
9 та турдан иборат “XTX Markets London Chess Classic" турнирининг ғолиб ва совриндорлари 5 декабрь куни маълум бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА