Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида давом этаётган анъанавий “Tata Steel Chess-2026” турнирининг “Мастерс" гуруҳида ортда қолган 3-тур учрашувларидан кейин биринчи рақамли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов қўшимча кўрсаткичларга кўра, 2 очко билан 3-ўринда бормоқда.
2025 йилги жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров 6 нафар иштирокчи сингари 1,5 очко билан 6-11-поғоналарда ҳаракатланмоқда.
Бугун, 20 январь куни нуфузли мусобақанинг 4-турида Абдусатторов оқ доналарда чехиялик Тай Даи Ван Нгуэнга, Синдоров эса қора доналарда 2-ўринда бораётган германиялик Маттиас Блубаумга қарши дона суради.

Кеча ўтказилган 3-турда Нодирбек қора доналарда ҳиндистонлик Аравиндҳ Читамбарам, Жавоҳир оқ доналарда словениялик Владимир Федосеев билан дурангга эришди.

Биринчи ва иккинчи турларда мағлубиятга учраган “Tata Steel Chess-2026” нинг ўтган йилги ғолиби Рамешбабу Праггнанандҳа бугун Абдусатторовга рўбарў келадиган Тай Даи Ван Нгуэн билан муроса йўлини танлаб, 0,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 13 та турдан иборат Вейк-ан-Зее баҳслари 1 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА