Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдусатторов ва Синдоров “Tata Steel Chess-2026” турнири пешқадами
11:48 / 2026-01-24

Жаҳон чемпионини мағлуб этган Нодирбек Абдусатторов бугун қора доналарда германиялик Винсент Кеймер билан куч синашади

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида давом этаётган “Tata Steel Chess-2026” турнири “Мастерс" гуруҳининг ортда қолган 6-тур ўйинларидаги 7 та қарама қаршиликнинг 3 тасида ғалаба, қолганларида дуранг натижа қайд этилди.

Эътиборли жиҳати, кеча якунланган 6-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуни мағлубиятга учратди.

Амалдаги жаҳон чемпиони баҳсни ишончли олиб борди. Деярли тенг позицияга эришди. Бироқ етарлича вақти бўла туриб, Абдусатторовнинг руҳий устунлиги уни мувозанатдан чиқарди ва кутилмаганда шоҳ билан рухдан айрилди. Бу, ўз-ўзидан Нодирбекнинг муваффақиятга эришишини таъминлади.

Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров ва ҳиндистонлик Аравинд Читхамбарам тўқнашувида ҳамюртимиз қора доналарда ҳаракатланган бўлса-да ғалабага тенг дурангга эришди.

Ушбу тур ўйинларидан кейин Нодирбек 4,5 очко билан 14 нафар шахматчи орасида якка пешқадамга айланди. Жавоҳир Синдоров 4 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олди. Улардан кейинги поғонада бораётган словениялик Владимир Федосеев, америкалик Ханс Ниманн, германиялик Винсент Кеймер ҳисобида 3,5 очко мавжуд.

Бугун, 7-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Винсент Кеймер билан, Жавоҳир Синдоров Ханс Ниманн билан куч синашади.

13 та турдан иборат турнир мусобақалари 1 февралда якунланади.

Т. Рўзиев, ЎзА