АҚШда давом этаётган “Freestyle Chess Grand Slam Las Vegas” турнирининг дастлабки саралаш мусобақасида шахматчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда 7 та турли айлана тизимдаги баҳсларда иштирок этди.
Мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларидан иборат мазкур нуфузли мусобақанинг илк босқичида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров муваффақиятга эришди.

Илк турларда Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандха, норвегиялик Магнус Карлсен ва Жавоҳир Синдоров билан дурангга эришган бўлса, АҚШлик Уэсли Со, қозоғистонлик Бибисара Ассаубаева, германиялик Винцент Каймерни мағлуб этди. Левон Аронянга эса имкониятни бой берди.

Жавоҳир Синдоров эса Бибисара Ассаубаева, Магнус Карлсен, Рамешбабу Праггнанандха, Уэсли Со ва Абдусатторов билан муроса йўлини танлаган ҳолда Винцент Каймер ва Левон Ароняндан устунликка эришди.

7 та ўйин якунига кўра, ҳар икки шахматчимиз 4,5 очко жамғариб, плей-офф баҳсларига йўл олди.
Бугун, 17 июль куни нуфузли турнирнинг чорак финалида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Аржун Эригаиси билан, Жавоҳир Синдоров қора доналарда АҚШлик Ҳанс Ниеманн билан куч синашади.
Биринчи босқичда керакли натижага эриша олмаган шахматчилар пастки босқичда кучли учликка кириш йўлида кураш олиб боради.
Мусобақалар 21 июлга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА