Польша пойтахти Варшавада шахмат бўйича ўтказилаётган Superbet Poland Rapid & Blitz халқаро турнирининг рапид йўналишидаги 6-тур ўйинлари ортда қолди.
Хабар берганимиздек, 9 март куни мусобақанинг 4, 5 ва 6-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Нодирбек Абдусатторов учун бир оз омадсизроқ ўтган ушбу ўйинларда ҳамюритмиз 2 та дуранг қайд этган бўлса, 1 та учрашувда имкониятни бой берди.
4-турда ҳиндистонлик Аржун Эригайси ва 6-турда германиялик Винсент Каймер билан ўтказилган ўйинларда муроса йўли танланди. Абдусатторов-Аружун-0,5:0,5, Абдусатторов-Винсент-0,5:0,5.

5-турда Нодирбекнинг қора доналарда Магнус Карлсен билан юз берган тўқнашуви нафақат ушбу турнир кузатувчилари, балки жаҳон шахматининг миллионлаб ихлосманлари диққат марказидаги энг қизиқарли баҳс сифатида ёдда қоладиган бўлди. Руҳий ва ақлий жангларга бой тарзда кечган ўйиннинг 55-юриш ҳолатидаги хатолик ўйинда туб бурилиш нуқтаси бўлди. Айнан ушбу вазият Абдусатторовни ғалабадан узоқлаштирган бўлса, Карлсенга 2 очколи бўлиш имкониятини берди. Бу эса 107-юриш якунида собиқ жаҳон чемпиони Карлсеннинг муваффақиятга эришишига олиб келди. 1:0.

Бугун, 10 май куни мукофот жамғармаси 175 минг доллардан иборат бўлган турнирнинг 7-тур баҳсида Нордирбек хитойлик Вэй И билан куч синашади. Шунингдек, 8-турда польшалик Ян-Кшиштоф Дуда, 9-турда асли украиналик, ҳозирда Польша шарафини ҳимоя қилаётган Шевченко қаршилигини енгишга киришади. Турнирнинг сўнгги 10-турида Абдусатторов Винсент Каймерга қарши яна бир ўйинда рўбарў келади.
Ҳозирда турнирда Карлсен ва Вэй 8 очко билан етакчиликка эришиб турган бўлса, Нодирбек Абдусатторов ҳисобида 6 очко мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 12 майга қадар давом этадиган турнирда рапид йўналишидаги баҳсларда ғалабага эришган шахматчи 2, дуранг қилган 1 очкога эга бўлади. Блиц баҳсларида ғалабага 1, дурангга эса 0,5 очко тақдим этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА