Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдусатторов – Гукеш баҳсида Чиннай ва Век-ан-Зеедаги кўрсаткичлар такрорланди
10:47 / 2026-03-02

Чехиянинг Прага шаҳрида давом этаётган “Prague International Chess Festival 2026” халқаро турнири “Masters” гуруҳининг кеча ўтказилган 5-туридаги 5 та жуфтлик ўйинларининг биронтасида дуранг натижа қайд этилмади.

Турнирнинг марказий баҳсларидан бири ҳамюртимиз Абдусатторов ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу ўртасида кечди.

Айтиш лозим, 2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида Ўзбекистон терма жамоаси Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиблигини қўлга киритган мусобақада Абдусатторов Гукешдан устунликка эришганди. Жорий йил январь ойида Нидерландияда ўтган “Tata Steel Chess–2026” турнирида ҳам ҳамюртимиз амалдаги жаҳон чемпионини мағлуб этганди.

Шу жиҳатдан, Прага турнирида Нодирбек Ҳинд шахматчисидан руҳий устун ҳолатда баҳсга киришди. Бу, натижада ҳам ўз аксини топди. Гукеш маълум бир нуқтага қадар ҳамма нарсани тўғри бажариб келди. Аммо ўтган ўйинлардаги тўқнашувларнинг акс-садоси бу сафар яна такрорланди. Абдусатторовнинг совуққон ва қатъиятли ҳаракати унга ғалабани тақдим этди.

Икки кун муқаддам мазкур мусобақанинг 4-турида Нодирбек Ёқуббоевни енгган нидерландиялик Жорден ван Форест бу сафар 5-турда АҚШ вакили Ханс Ниманннинг битта хатоси сабабли ютуқни ўз фойдасига ҳал этди ва 4 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди.

Ушбу турда Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Чехия вакили Давид Наварага имкониятни бой берди.

Шунингдек, ушбу турда оқ доналарда ҳаракатланган ҳиндистонлик Аравиндх Читхамбарам испаниялик Антон Дэвидга, эронлик Пархам Магсудлу германиялик Винсент Кеймерга очко тақдим этишга мажбур бўлди.

Бугун, 2 март куни халқаро турнир низомига мувофиқ учун дам олиш куни сифатида белгиланган.

Эртага ўтадиган 6-тур мусобақасида ҳамюртларимиз Нодирбек Ёқуббоев ва Нордирбек Абдусатторов рўбарў келади. Унда Ёқуббоев оқ доналарда ҳаракатланади.

Т.Рўзиев, ЎзА