Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдусатторов АҚШда дунёнинг энг кучли шахматчиларидан бири эканини намойиш этди
11:46 / 2024-08-29

АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида «Grand Chess Tour» мусобақасининг бешинчи босқичи ҳисобланган «Sinquefield Cup-2024» турнирининг сўнгги турида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғалабага эришди.

Мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларидан иборат нуфузли турнирда дунёнинг 10 нафар кучли гроссмейстери қаторида Нодирбек Абдусатторов бош соврин учун кечган курашларда ўз омадини синовдан ўтказди.  

Турнирнинг сўнгги 9-турида ҳамюртимиз оқ доналарда мусобақанинг иккинчи рақамли шахматчиси, FIDE байроғи остида қатнашган россиялик Ян Непомняший билан куч синашди.  

Айтиш лозим, турнирнинг илк партияларидаги омадсизлик айниқса, 3-турда Фабиано Каруанага имкониятни бой бериши Абдусатторовни бироз тушкун кайфиятга туширгани рост. Аммо 7-турдаги ишончли ғалаба ҳамда 9-турда россиялик шахматчини таслим этиши дунёнинг олтинчи рақамли шахматчиси ҳисобланган ҳамюртимизнинг ушбу мусобақада 3-ўринни эгаллашини таъминлади.  

«Sinquefield Cup-2024»да маҳоратли шахматчимиз 2 ғалаба, 6 дуранг ва 1 мағлубият билан 5 очко жамғарган ҳолда қўшимча кўрсаткичларга кўра, 3-ўриндан жой олди. Тўртинчи поғонани эгаллаган Максим Вашье-Лаграв (Франция) сўнгги турда амалдаги жаҳон чемпиони Дин Лижэнни мағлуб этиб, 5 очколи бўлишга муваффақ бўлди.  

Айнан Абдусатторовни мағлуб этган Фабиано Каруана 9-турда оқ доналарда Аниш Гирини енгиши ортидан очколари сонини 5,5 тага етказиб, мусобақани 2-ўринда якунлади.  

Ўтказилган шиддатли курашлар сарҳисобига биноан «Sinquefield Cup-2024» бош соврини франциялик Алиреза Фирузжага насиб этди. У 9-турда оқ доналарда Рамешбабу Прагнанандха билан дурангга эришиб, 6 очко билан турнир ғолибига айланди ва мусобақанинг бош сорини –100 минг АҚШ долларини қўлга киритди.  

Эслатиб ўтамиз, Сент-Луис шаҳрида кечган турнирда 2-ўринни эгаллаган шахматчи 65 минг, 3-ўрин 48 минг, 4-ўрин 32 минг, 5-ўрин 26 минг, 6-ўрин 21 минг, 7-ўрин 18 минг 500, 8-ўрин 16 минг, 9-ўрин 13 минг ва 10-ўрин 10 минг 500 АҚШ доллари билан тақдирланди.  

Т.Рўзиев, ЎзА