Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққулов ушбу мамлакат инсон ресурслари ва амирликлаштириш вазири, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири вазифасини бажарувчи Абдурраҳмон Абдулманнон Ал-Авар билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида мулозим икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабат самараси ўлароқ, Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлиги жадал ривожланаётганига урғу берди. Унинг таъкидлашича, бу жараёнда савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда эришилаётган натижалар алоҳида эътиборга молик.
Суҳбат давомида муҳокама қилинган бир неча муҳим масала юзасидан келишувларга эришилди.
Инсон ресурси ва миграция соҳасида икки мамлакат ўртасида визасиз режим татбиқ қилиниши ўзаро ташриф кескин кўпайишига хизмат қилиши эътироф этилди. Республикамиз ҳукумати фуқароларни хорижга мавжуд тартиб-қоида асосида ишга юборилиши, уларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинишини қатъий назоратга олган. Шу нуқтаи назардан мавжуд ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва БАА инсон ресурслари ва амирликлаштириш вазирлиги ўртасида мунтазам алоқа ўрнатиш, ўзаро тезкор маълумот алмашишни йўлга қўйиш зарурлиги маъқулланди.

Амирликлар томонидан меҳнат соҳасидаги муносабатни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, иш берувчи ва ходимга зарур тавсиялар, томонлар ҳуқуқи ва мажбуриятини ифодаловчи қўлланмалар таржима қилинган ҳолда тақдим этилишига келишилди.
Абдурраҳмон Абдулманнон Ал-Авар мамлакатимиз фуқароларининг БААдаги меҳнат фаолияти давомида иш берувчи томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, элчихона мурожаатига кўра, вазирлик тегишли чоралар кўришини маълум қилди.
Учрашув кун тартибидан Олий таълим ва илмий тадқиқот йуналишидаги шериклик мавзуси ҳам жой олган эди.

2024 йил июль ойида тузилган БАА Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазирлиги Таълим вазирлиги таркибидан ажралиб чиққан. Учрашувда Абдурраҳмон Абдулманнон Ал-Авар икки давлат етакчи университетлари ва илмий тадқиқот марказлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқани ривожлантиришга кўмак беришга тайёрлигини қайд этди. Айни йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш таклиф этилиб, Амирликлар томони ҳужжат лойиҳасини тақдим этишини айтди.
БАА юқори технологияларни ўзлаштириш ва ривожлантириш борасида эришган ютуқларни инобатга олиб, муҳандислик соҳасида ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирилди. Мезбон томон мамлакатдаги муҳандисликка ихтисослашган етакчи университетлар билан алоқа ўрнатилишида кўмаклашишини маълум қилди.
Олий таълим ва илм-фан соҳасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш учун ҳар икки давлат томонидан ташкил қилинадиган таълим ва илмий тадқиқот соҳасидаги конференция, кўргазмаларда мунтазам ўзаро иштирокни таъминлаш механизмини яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Вазирга жорий йил 16-17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий Осиё таълим форуми”га таклифнома топширилиб, умуман Амирликлар делегациясининг тадбирда фаол иштирок этиши кутилаётгани таъкидланди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА