Андижонлик жадид, моҳир дипломат, давлат ва жамоат арбоби -Абдураҳим Юсуфзода 1880 йили Андижонда таваллуд топган. 12 ёшида саводи чиққач, Андижондаги мадрасага қабул қилиниб, 3 йил араб тилини ўрганган. 1895 йил ўқишни давом эттириш учун Бухорога бориб, 15 йил ўқиган. Зеҳни ўткир, ақлу заковатли, ахлоқ-одобда ибратли Абдураҳим мадраса аҳли ҳурматини қозонди, мударрислар ишончи, эҳтиромига сазовор бўлди. Илм даргоҳини тамомлагандан сўнг мазкур мусулмон олий мактабида мударрислик қилди.
1912 йилдан Бухорода вужудга келган тараққийпарварларнинг яширин жамиятида ишлай бошлаган. 1917 йилгача Бухородаги Аёзбой мадрасасида талабаларни ўзбек, араб ва форс тилларига ўргатган. Бухорода юзага келган жадидчилик ҳаракати, ундан ўсиб чиқиб, амирлик салтанатини ларзага келтирган “Ёш бухороликлар” Бухорода амирлик тузумига барҳам беришда муҳим роль ўйнадилар. Илғор фикрловчи, араб, форс ва рус тилларининг моҳир билимдони сифатида ўша давр зиёлилари орасида катта мартабага эришган А.Юсуфзода “Ёш бухороликлар”нинг таниқли етакчиларидан бири бўлган.
А.Юсуфзода 1917 йил апрелда Бухорода бўлган машҳур намойишни бевосита ташкил этган ва унда қатнашганлардан эди. Беҳуда қон тўкилгани учун А.Юсуфзода ва бошқа вакиллар амир билан музокара учун қушбеги ҳузурига келадилар. Бироқ улар аркда ҳибсга олиниб, зиндонбанд этилади ва амир жаллодлари томонидан қаттиқ калтакланадилар.
Абдураҳим Юсуфзода 1924 йил бошларида Москвада рус ва ўзбек тилида “Бухарская жизнь” (“Бухоро ҳаёти”) журнали очиб, ўзи муҳаррирлик қилган. Журнал саҳифасида Бухоро ва унинг тарихи, тақдири, истиқболи ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилганки, улар ҳозир ҳам илмий аҳамиятга молик.
Мухтор вакил А.Юсуфзоданинг ташаббуси ва бевосита иштироки билан БХСР Маориф нозирлиги ва “Севзапкино” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, 1924 йил 12 апрелда Ўзбекистондаги илк киностудия — “Бухоро-Рус киножамияти” (“Бухкино”) ташкил этилади. Ўрта Осиёдаги илк бадиий кинофильм — “Ўлим минораси” суратга олинган.
Шу билан бирга, Бухорои шарифнинг тарихий ёдгорликларини таъмирлаш ғояси ва амалиёти 1924 йилдаёқ Файзулла Хўжаев билан Абдураҳим Юсуфзода томонидан бошланган эди.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони моҳир дипломат, давлат ва жамоат арбоби -Абдураҳим Юсуфзода ҳақида. Ушбу видеолавҳа Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти билан ҳамкорликда тайёрланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TurJY9vlzvI" title="Abdurahim Yusufzoda – jadid diplomat " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА