Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида дзюдо бўйича "Катта дубулға" туркумидаги нуфузли турнир бошланди.
Унда ҳамюртимиз Абдураҳим Нутфуллоев вазни 66 килограммгача бўлган дзюдочилар ўртасида олтин медални қўлга киритди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, полвонимиз финалга қадар америкалик Билет Эрденетсогтни, мезбонлар вакили Эрҳембаяр Баттогтоҳни, Корея Республикаси вакили Ким Чан Ённи таслим этди. Сўнгги ҳал қилувчи финал беллашувида Абдураҳим Нутфуллоев молдовалик тажрибали Денис Виеруга қарши рақобатлашди. Мазкур беллашувда ёш дзюдочимиз рақибини таслим этиб, мусобақанинг олтин медали ва жаҳон рейтингининг 1000 очкосини қўлга киритди.

Маълумот ўрнида: 29 ёшли Денис Виеру айни пайтда жаҳон рейтингида 11, 23 яшар Абдураҳим Нутфуллоев эса 64-ўринни эгаллаб турибди. Денис “Париж-2024” Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган. Жаҳон чемпионатларининг икки карра совриндори, “Grand Slam” мусобақаларида 10 та турли ҳил медалларни қўлга киритган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА