Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдуқодир Тошқулов: “Йўқ нарсадан ҳеч нарса яратиб бўлмайди”
14:59 / 2022-02-28

Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Кузатув кенгаши раиси А.Тошқулов академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллиги берилган Термиз давлат университети Кузатув кенгашининг дастлабки йиғилишини ўтказди.

Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларининг қўшимча ваколатлари белгиланди. Шу куни қабул қилинган “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорга мувофиқ мамлакатимизда 35 та олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилди. 

Йиғилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазири, кузатув кенгаши раиси А.Тошқулов мазкур қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритиб, молиявий, академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллиги берилган олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгаши фаолияти ва вазифалари ҳақида маълумот берди. Жорий йил бошидан молиявий мустақиллик берилган Термиз давлат университетининг васийлик кенгаши тугатилиб, ўрнида давлат идоралари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз Кузатув кенгаши ташкил этилиб, тасдиқланди. 

–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳада ҳаёлимизга келмаган ўзгариш ва янгиланишларни юзага келтирмоқда, – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов. – Буларнинг барчаси юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Кейинги йилларда мамлакатимизда 77 та янги олий таълим муассасаси очилди. Агар 2016 йил олий таълимда 264 минг талаба таълим олган бўлса, жорий ўқув йилида уларнинг сони 815 мингтага етди. Шунингдек, 2016 йил олий таълим муассасаларида 24 минг, айни пайтда эса 34 минг ўқитувчи ва профессор фан сирларини ўргатмоқда. Вазирлар маҳкамаси айрим ваколатларини Олий таълим вазирлигига, вазирлик эса баъзи ваколатларини молиявий мустақил бўлган олий таълим муассасаларига бермоқда.  

Йиғилишда Термиз давлат университети кузатув кенгаши низоми, йиллик иш режаси, узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожланиш дастури, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирлари, бизнес режаси, даромадлар ва харажатлар параметрларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомлар, раҳбар ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари (KPI) тасдиқланди.  

Университет ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар раҳбар-ходимлари, профессор-ўқитувчилари, хорижий мутахассислар учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва самарадорлик мезонларига асосланган рағбатлантириш тартиблари белгиланди. Шунингдек, талабаларнинг йиллик контракт-тўловларини, халқ хўжалигида талаб юқори бўлмаган касб йўналишларини мақбуллаштириш каби молиявий мустақил бўлган олий таълим муассасаси фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Шу куни Олий таълим вазири вилоятдаги олий таълим муассасаларнинг ўтган йили илмий ишларини ҳимоя қилган ва жорий йилда ҳимоя қилишга тайёргарлик кўраётган фан фидойилари билан учрашди.  
Таъкидландики, давлатимиз томонидан таълимга қаратилаётган юксак эътибор чуқур билим ва маънавиятли ёшларни улғайтириб, юқори салоҳиятли кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда. Бунинг учун таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, таълим сифати оширилмоқда. Раҳбар ходимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш (KPI) жорий этилаётир. Профессор-ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, илмий даража олиб, янгилик яратаётган ўқитувчиларни рағбатлантириш йўлга қўйилмоқда. 

–Биласизлар, мен ҳам ректор бўлганман, – деди А.Тошқулов.–Афсуски, битта чиқинди идиши олишга пул йўқ эди. Энди мана, маблағ бор. Фақат уни мақсадли ишлатиш керак. Пойтахтда 16 қаватли аспирантлар уйи қуришни режалаштирганмиз. Бу ерда бўлажак олимлар учун барча замонавий шароитни яратмоқчимиз. Йўқ нарсадан ҳеч нарса яратиб бўлмайди. Сезяпсизларми, эндиликда ана шу йўқ нарсаларни топишнинг ҳалол йўллари эга-кесими билан белгилаб берилмоқда. Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасаларида ўрта мактабларнинг дарслиги, илмий қўлланмалари йўқ. Бунинг сабабини изласак, мактаб дарсликлари сотилмас эмиш. Энди ўзингиз ўйланг: Олий таълим муассасасида мактабда ўтиладиган дарсликдан бехабар талаба қандай қилиб, эртага ўқувчиларга сабоқ беради? Аслида таълим сифатини шу ердан бошлашимиз керак эмасми? Учрашувдан фойдаланиб, яна бир янгиликни етказмоқчиман. Янги ўқув йилидан бошлаб сафларингизда хорижлик энг малакали профессор-ўқитувчилар ҳам талабаларга дарс бера бошлайди. Таълимда ҳалол рақобат бўлади. Шунингдек, фанларни мақбуллаштирамиз. Таълим сифатига эътиборни кучайтирамиз. 

 Университет ректори А.Марахимовнинг айтишича, таълим даргоҳида 791 профессор-ўқитувчи талабаларга сабоқ бермоқда. Уларнинг 34 нафари фан доктори-профессор, 137 нафари фан номзоди ва фалсафа докторидир. 2009-2017 йилларда мазкур олий таълим муассасасида биронта ҳам илмий иш ёқланмаган. Ўтган йили ҳимоялар сони 61 тани ташкил этди. Жорий йилда яна 104 нафар бўлғуси олимлар ўз изланишларини якунлаб, илмий ишларини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Университетда илмий иш ҳимоя қилган ўқитувчиларни моддий рағбатлантиришнинг йўлга қўйилгани ҳам бўлажак олимларнинг интилиш ва қизиқишини янада оширмоқда.  

Учрашувда профессор-ўқитувчилар ва ёш олимларнинг таклиф, тавсиялари тингланди. Илмий ишини муваффақиятли ёқлаган бир гуруҳ ёш олимларга гувоҳнома топширилди. Иқтидорли талаба-ёшлар иштирокида ўтказилган учрашув ҳам уларни янада кўпроқ ўқиб, изланишга руҳлантирди. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди. А.Тошқулов университетнинг давлат ва номдор стипендиантларини ютуқлари билан самимий табриклаб, уларга стипендиант гувоҳномасини тантанали топширди. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов Термиз давлат университетида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишди.  



Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА