Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда вазир ўринбосарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудлардаги профессионал таълим муассасалари ўрганилмоқда. Навбатдаги манзил Сирдарё вилояти бўлди.
Дастлаб, вазир А.Тошқулов, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Сирдарё тумани ҳокими, ҳудудий бошқарма бошлиғи ҳамроҳлигида Сирдарё туман касб-ҳунар мактабида ўқувчи-ёшларни билим олиши учун яратилган шароитлар, жумладан, ўқув устахоналари, ўқув хоналари, ўқувчилар учун ташкил этилган касб тўгараклар фаолияти, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни касбларга ўргатиш бўйича ташкил этилган қисқа ўқув курслари билан яқиндан танишди.
Бундан ташқари ўқув амалиёт жараёнида иштирок этаётган ўқувчилар билан танлаган мутахассисликлари бўйича суҳбатлашилди.
Улар Сирдарё туман касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Аюбжон Рустамовнинг оилавий ташкил қилган устахонасини бориб кўрди. Устахонада 5 та иш ўрни яратилган.
Шундан сўнг, Ширин энергетика коллежида яратилган шароитлар, ўқув устахоналари, ўқув хоналари, ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам танишди. Ташриф доирасида иш берувчи корхона-ташкилотлар вакиллари билан учрашди. Жумладан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси директори Б.Нуриддинов корхона фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Ширин шаҳридаги яна бир йирик лойиҳа — Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан қурилаётган Буғ-газ электр станцияси қурилиши ҳамда ҳамкорлик лойиҳалари билан танишилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА