English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдуқодир Ҳусанов жамоаси марказий баҳсда дуранг ўйнади
09:23 / 2026-01-05

Футбол бўйича Англия Премьер лигасининг 20-тури ўз якунига етди. Ушбу тур доирасида ўтказилган учрашувлар мавсум ўртасига келиб чемпионлик пойгаси ҳамда жадвалнинг қуйи қисмидаги кураш тобора кескин тус олаётганини яққол намоён этди.

Турнинг марказий баҳси Манчестер шаҳрида бўлиб ўтди. Унда «Манчестер Сити» ўз майдонида «Челси»ни қабул қилди. Кескин ва муросасиз кечган учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.

Мазкур баҳс биз учун, аввало, ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг иштироки билан аҳамиятли бўлди. Ҳимоячимиз 51-дақиқада жароҳат олган Йошко Гвардиол ўрнига майдонга тушди. Учрашувнинг 78-дақиқасида эса Ҳусанов иштирокида кульминацион эпизод кузатилди. У «Манчестер Сити» дарвозасига хавф солаётган рақиб ҳужумчиси Лиам Делапга зарба бериш имконини бермади.

Эпизоддан сўнг майдон ташқарисига чиқиб кетган Делап аламзада ҳолатда ҳимоячимизни реклама тўсиғи томон итариб юборди. Бу ҳолат майдонда қисқа тортишувга сабаб бўлди ва натижада Лиам Делап ҳамда Матеуш Нуньеш сариқ карточка билан жазоланди.

Учрашувдан кейин бир қатор нуфузли статистик порталлар Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинини турлича баҳолади. Жумладан, «FotMob» уни 6,6 баллга лойиқ кўрган бўлса, «SofaScore» — 6,4, «Flashscore» эса 6,7 балл билан баҳолади. Таъкидлаш жоиз, мазкур баҳс Ҳусанов учун жорий мавсум Англия Премьер-лигасидаги олтинчи ўйин бўлди.

Тур доирасидаги яна бир қизиқарли беллашув Лондонда бўлиб ўтди. «Фулхэм» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилиб, жанговар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Шу тариқа, қизиқарли ва кескин учрашувларга бой бўлган 20-тур ўз якунига етди. Айни дамда турнир жадвалида «Арсенал» 48 очко билан яққол пешқадамлик қилмоқда. «Манчестер Сити» ва «Астон Вилла» 42 очкодан жамғариб, иккинчи ва учинчи ўринларда жойлашган. «Ливерпуль» эса 34 очко билан тўртинчи поғонада қолмоқда.

Бешинчи ва олтинчи ўринларда «Челси» ҳамда «Манчестер Юнайтед» бормоқда. «Брентфорд”,«Сандерленд», «Ньюкасл», «Брайтон», «Фулхэм» ва «Эвертон» 7–12-поғоналарни эгаллаб турибди.

Жадвалнинг 13–14-ўринларида «Тоттенхэм» ва «Кристал Пэлас» жойлашган. 15-поғонада «Борнмут» қайд этилган бўлса, қуйи бешликдан «Лидс Юнайтед»,«Ноттингем Форест», «Вест Хэм», «Бёрнли» ҳамда «Вулверхэмптон» ўрин олган.

Маълумот ўрнида, Англия Премьер-лигасининг 21-тур учрашувлари 6–8 январь кунлари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА