Аввал хабар берганимиздек, 21 сентябрь куни Англия премьер лигасининг 5-тури доирасида “Манчестер Сити” таркибида майдонга тушган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов жароҳат олган эди.
Афсуски, 5 октябрга қадар майдонга қайтиши кутилган Абдуқодир ҳамон жароҳатдан қутула олмади. Натижада икки ҳафта давом этган ФИФА кунларини ҳам ўтказиб юборди. Маълум бўлишича, ҳимоячимиз 18 октябрь куни Англия премьер лигасининг 8-турида “Эвертон” жамоасига қарши майдонга туша олмаслиги ойдинлашди.
Шу сабабли, бўлажак ўйин олдидан 21 ёшли ҳимоячимиз умумий гуруҳ машғулотларида иштирок этмади ва жисмоний юкламаларга кўникиш мақсадида ҳозирча фақат индивидуал машқларни бажармоқда.
Маълумот ўрнида: “Манчестер Сити” таркибида халқаро танаффусдан олдин жароҳати бўлган тўрт нафар етакчидан иккитаси – Райан Айт-Нури, Умар Мармуш умумий гуруҳ машғулотларига қўшилди ва “Эвертон” билан бўладиган учрашувда иштирок этиш эҳтимоли янада ошди. Родри ва Абдуқодир эса жисмоний ҳолатини тиклаш учун яна маълум муддат якка тарзда шуғулланиши талаб этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА