Яқин вақтлар ичида ўзбекистонлик футболчилар жаҳон ареналарида қайд этаётган натижалар ҳақида батафсил гаплашамиз:
АПЛ 25-тури доирасида "Манчестер Сити" "Ливерпул" майдонига сафар қилди. Ушбу беллашувда "шаҳарликлар" 2:1 ҳисобида зафар қучди. Аҳамиятли томони, мазкур беллашувни Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда бошлади. Ўйиннинг 58-дақиқасида ҳамюртимиз мерсисайдликлар ҳужумчиси Коди Гакпонинг зарбаси йўлига тўғоноқ бўлди. Ушбу эпизод давомида Ҳусанов дарвозабон Доннарумма билан тўқнашиб кетиб, жароҳат олди. "Шаҳарликлар" устози Пеп Гвардиола шундан сўнг уни захирага олишга қарор қилди. Ўйиндан сўнг испаниялик мутахассис баҳс давомида жонбозлик кўрсатган шогирдини мақтаб ўтди.
Бу ўйин Абдуқодир учун асосий таркибда майдонга тушган кетма-кет 10-учрашуви бўлди. Бироқ "Сити"нинг асосий таркиб ҳимоячиси Рубен Диаш аллақачон сафга қайтган ва "Ливерпул"га қарши беллашувда захирадан майдонга тушди. Шундай экан, буёғига Абдуқодирни яна захирада кўриш эҳтимолимиз йўқ эмас. Бироқ футболчимиз тажрибали шерикларига етарлича рақобат туғдира оляпти ва экстремал ҳолатлар бўлмаган тақдирда ҳам асосий таркибда ўйнашга лойиқ эканини исботлаб келяпти.
Туркиянинг "Истанбул" Башакшеҳир" клубида Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов тўп тепаётганидан яхши хабардорсиз. Ушбу футболчиларимиз ҳам ўз клублари сафида борган сари муҳим фигураларга айланиб бормоқда. Туркия Суперлигаси доирасида кеча "Эюпспор"га қарши майдонга тушган ватандошларимиз жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Беллашувнинг 14-дақиқасида "Башакшеҳир"нинг бошқа бир легионери Деви Зелке ҳисобни очди. Аҳамиятлиси, унинг голига Аббосбек Файзуллаев ассист вазифасини бажарди. Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида эса Элдор Шомуродов орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Фақатгина ўйин якунланиши арафасида "Эюпспор" ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди. Беллашувдан сўнг "ФотМоб" статистик портали Аббосбек Файзуллаевни ушбу ўйиннинг энг яхшиси деб топди. Бундан ташқари, Элдор Шомуродов Туркия Суперлигаси тўпурарлар жадвалида ҳам курашни давом эттиряпти. Айни вақтда у ва "Трабзонспор" ҳужумчиси Онуачуда голлар сони бир хил 15 тани ташкил этади.
Ироқнинг "Арбил" клубида тўп тепаётган Шерзод Темиров ушбу мамлакат чемпионатининг Ҳолландига айланиб улгурди. Футболчимиз 5 февраль куни бўлиб ўтган "Ал-Нафт"га қарши беллашувда навбатдаги голини урди. Айни вақтда Шерзод Ироқ юлдузлар лигасида 13 та гол билан тўпурарлар пойгасида етакчилик қиляпти. У тўп тепаётган “Арбил” клуби ҳам айни вақтда Ироқ чемпионатида пешқадам бўлиб турибди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hGN_HnaeWug" title="Legionerlarimizda nima gaplar?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Карим Худойқулов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА